Афғонистон ҳукумати вайрон бўлган Навоий ҳайкалини тиклаш чораларини кўради – ТИВ

ТИВ: Афғонистонда Алишер Навоий ёдгорликларига зарар етказилган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 16 фев — Sputnik. Афғонистон ҳукумати вайрон бўлган Навоий ҳайкалини тиклаш чораларини кўради. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирининг матбуот котиби Ахрор Бурханов маълум қилди.
Айтилишича, Афғонистонда Алишер Навоий ёдгорликларига зарар етказилган. Ушбу масала юзасидан дипломатлар Афғонистон вакиллари билан боғланди.
“Уларнинг таъкидлашича, ушбу вандализм ҳолати қардош Ўзбекистон билан кўп асрлик дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш тарафдори бўлган муваққат ҳукумат расмий сиёсатини акс эттирмайди, номаълум шахсларнинг ўзбошимчалик ва ўйламасдан қилган ҳаракати натижаси бўлиб, умумий тарихий ва маданий меросимизга зарар етказади”, деб ёзади Ахрор Бурханов.
Афғонистон вакиллари ёдгорликларни тиклаш ва умумий меросга ҳурмат билан муносабатда бўлиш чораларини кўришини маълум қилишган.