ТОШКЕНТ, 15 фев — Sputnik. Энди Ўзбекистонда мавжуд электр ва газ тармоқлари ҳамда қурилмаларининг юкламаси белгиланган меъёрдан ошган тақдирда, уларга янги истеъмолчиларни улаш қатъиян тақиқланади. Бу ҳақда 13 февраль куни президент Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган қарорда назарда тутилган.
Қарор билан Энергетика вазирлиги ҳузурида Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ташкил этилди.
Шунингдек, Энергетика назорати бўйича Бош прокурор ўринбосари лавозими жорий этилди. Бош прокурор ўринбосари ёқилғи-энергия ресурсларидан фойдаланиш соҳасида қонунчиликка риоя этилиши ва унинг ижроси устидан назоратни амалга оширади.
Ёқилғи-энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлар Бош прокурор ўринбосари:
Ўзэнергоинспекция зиммасига юкланган вазифа ва функцияларни бажаришга амалий ёрдам кўрсатади;
Бош прокуратура ҳузуридаги МИБ ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти фаолиятини мувофиқлаштиради.
2023 йил 1 мартдан бошлаб электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик бўйича тузилган далолатномаларни электрон шаклда расмийлаштириш ва тегишли маълумотларни “E-ma‘muriy ish” тизимига киритиш тартиби жорий этилади.
2023 йил 1 июлдан бошлаб юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар билан электр энергияси ҳамда табиий газни етказиб бериш бўйича шартномалар электр ва газ таъминоти корхоналарининг дастурий таъминоти ёки "Шаффоф қурилиш" миллий ахборот тизими орқали электрон рақамли имзодан фойдаланган холда тузилади.
2023 йил 1 июнгача ёқилғи-энергия ресурсларидан ноқонуний ва самарасиз фойдаланиш ҳолатлари аниқланган тақдирда, инсон омилисиз қайта ҳисоб-китоб қилиш, етказилган зарар миқдорини аниқлаш ва Солиқ қўмитаси базасида параллел равишда ҳисобга олишни назарда тутувчи дастур жорий этилади.
Қарорга кўра шунингдек, электр энергияси, газ ҳамда водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш орқали талон-тарож қилиш ҳолатларини ўғрилик жинояти сифатида белгилашни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.