Ўзбекистон ва Хитой ўртасида сайёҳлик агентликлари очилади

Маданият ва туризм вазирининг биринчи ўринбосари Хитойнинг “New Silk Road Product Center” директори ва “Zhejang Loong Airlines” авиакомпанияси вакиллари билан учрашди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 15 фев — Sputnik. Ўзбекистон ва Хитой ўртасида сайёҳлик агентликлари очилади. Бу ҳақда Маданият ва туризм вазирлиги хабар берди.
Маданият ва туризм вазирининг биринчи ўринбосари Улуғбек Аъзамов Shaanxi Tourism Group” компанияси қошидаги “New Silk Road Product Center” директори ва “Zhejang Loong Airlines” авиакомпанияси вакиллари билан учрашди.
Ўзбекистон ва Хитой ўртасида сайёҳлик агентликлари очилади
Учрашувда, томонлар икки давлатнинг сайёҳлик салоҳиятини тарғиб қилишни кучайтириш мақсадида Ўзбекистон ва Хитойда ваколатхоналар очиш зарурлигини тасдиқлашди.
Томонлар муҳокама қилган масалалар:
Хитойдан Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарларига сайёҳлик оқимини кўпайтириш;
Махсус қўшма саёҳат йўналишини ишлаб чиқиш;
Ўзбекистон туризм салоҳиятини Хитойда тарғиб қилиш;
Имкон қадар қисқа муддатда икки давлатнинг туристик шаҳарлари ўртасида мунтазам ва чартер рейсларини амалга ошириш;
Хитойнинг ички туризмни ривожлантириш тажрибасини ўрганиш.

“Учрашувда сайёҳлик агентликларини очиш масаласини тезлаштириш, Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби туристик инфратузилмага эга тарихий шаҳарларда “Shaanxi Tourism Group”” компанияси мутахассислари учун инфо-турлар ўтказиш тўғрисида келишувга эришилди”, дейилади хабарда.

Маълумот учун, “Shaanxi Tourism Group” компанияси фаолияти туризм индустриясини қўллаб-қувватлаш ва туризмга инвестициялар киритишни ривожлантиришга қаратилган. 2021 йилда ташкилот 210 миллионга яқин сайёҳни қабул қилди. Компаниянинг 100 дан ортиқ холдинг ва акциядорлик компаниялари, шунингдек, 10 мингдан ортиқ ходимлари ва 5,8 млрд миқдоридаги умумий активлари мавжуд.