ТОШКЕНТ, 15 фев — Sputnik. Собиқ президент Алмазбек Атамбоев Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги чегаралар масаласини ҳал қилишда расмийларнинг ҳаракатларини юқори баҳолади. Бу ҳақда Sputnik Қирғизистон хабар берди.
Алмазбек Атамбоев Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги чегараларни делимитация қилиш бўйича келишувга изоҳ берди. У бу қарорни тарихий деб атади.
“Чегара ҳақидаги қарор тарихий аҳамиятга эга. Албатта, қўшнимиз ҳозир Шавкат Мирзиёев бўлгани яхши. Мен унинг Қирғизистонга муносабатини биламан, буни қадрлаш керак”, - дейди Атамбоев.
Эслатиб ўтамиз, 27 январь куни Бишкекда Ўзбекистон ва Қирғизистон президентлари иштирокида бўлиб ўтган кенгайтирилган музокаралар чоғида қирғиз-ўзбек чегарасини делимитация қилиш якунланган эди. Қирғизистон президенти ўз сўзида Шавкат Мирзиёевни, қирғиз-ўзбек чегарасини делимитация қилиш бўйича муҳим масалаларни ҳал этишда беқиёс ҳиссаси борлигини қайд этиб ўтган.