ТОШКЕНТ, 14 фев — Sputnik. Қозоғистоннинг Жамбил вилоятида 500 дан ортиқ одам ноқулай об-ҳаво шароитига тушиб қолди. Ҳозирда Чимкентга қараган магистралда элликта йўловчи автобуси, енгил ва юк машиналаридан иборат улкан тирбандлик юзага келган. Бу ҳақда Sputnik Қозоғистон хабар берди.
Олмаота-Тошкент автомобил йўлида назорат-ўтказиш пункти туфайли 23 та йўловчи автобуси ҳамда 510 та енгил ва юк машиналари тирбандлиги юзага келган.
КТК телеканалига кўра, гуруҳлар энг яқин иссиқлик пунктларига олиб кетилган, кейин эса поездда Тараз ва Чимкентга жўнатилган.
Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси хабарига кўра, қор бўрони шу қадар кучли бўлганки, кўпчилик бир неча дақиқада қор остида қолган.
“Қор кўчиши, қор бўрони оқибатида кўриш имконияти нолга тенг эди. Бундан ташқари, қор бўрони қаттиқ кўтарилди, бундай йўл бўйлаб ҳаракат қилиш қийин эди. 189 нафарга яқин одам қор кўплигидан эвакуация қилинди, улардан 14 нафари болалар”, — деди Жамбил вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи Руслан Шариев.
Унинг қайд этишича, шифокорлар томонидан 25 кишига тез тиббий ёрдам кўрсатилган. Қурбонлар ва жабрланганлар йўқ.