Ўзбекистон енгил атлетикачилари Осиё чемпионатида тўртта медалга эга бўлишди

Мусобақанинг сўнгги кунида Ўзбекистон терма жамоаси кумуш ва бронза медалларига эга чиқди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 13 фев — Sputnik. Остона шаҳрида ўтказилган Осиё чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси тўртта медални қўлга киритди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Мусобақанинг сўнгги кунида Ўзбекистон терма жамоаси кумуш ва бронза медалларига эга чиқди.
4х400 метрга югуриш бўйича эстафета баҳсида қатнашган спортчи қизлар иккинчи бўлиб марра чизиғини кесиб ўтди. Улар қайд этган 3:46:45 дақиқалик натижа янги миллий рекорд сифатида қайд этилди.
Узунликка сакраш секторида Токио-2020 Олимпиадаси иштирокчиси Даря Резниченко 6,37 метр билан бронза медалига сазовор бўлди.
Бир кун аввал Шарифа Давронова уч ҳатлаб сакраш дастурида олтин медални қўлга киритган бўлса, бешкураш баҳсларида Екатерина Воронина энг яхши натижага эришди.