“Кварц” шиша заводини “Қувасойцемент” сотиб олди

“Қувасойцемент” акциядорлик жамияти “Кварц” АЖ устав капиталидаги 89,78 фоиз акциялар пакетини 265 млрд сўмга сотиб олган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 13 фев - Sputnik. “Кварц” АЖнинг устав капиталидаги 89,78 фоиз акциялар пакетини сотиш бўйича келишувга эришилди. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги маълум қилди.
Таъкидланишича, “Қувасойцемент” акциядорлик жамияти “Кварц” АЖ устав капиталидаги 89,78 фоиз акциялар пакетини 265 млрд сўмга сотиб олган.
Қайд этилишича, “Қувасойцемент”га “Кварц” корхонасининг 47,2 млн евро миқдоридаги кредит мажбуриятларини тўлиқ қоплаш юклатилган.
“Кварц” АЖ акция пакетини хусусийлаштириш бўйича ўтказилган халқаро жараён натижалари Давлат мулкини сотишда тендер савдоларини ўтказиш бўйича давлат комиссиясининг тегишли қарори билан маъқулланган.
Маълум қилинишича, 2018-2021 йилларда 47,2 млн.евро миқдоридаги банк кредитлари ҳисобига “Кварц” АЖда йиллик қуввати 22,2 млн. квадрат метр флоат-ойна ишлаб чиқариш бўйича инвестиция лойиҳаси амалга оширилган.
Лойиҳани амалга ошириш доирасида жалб этилган кредит маблағлари 2026 йил якунига қадар сўндирилиши белгиланган.
Маълумот учун, “Қувасойцемент” АЖ юқори сифатли минерал қўшимчали портландцемент, таркибида гипс ва оҳакли бирлаштирувчи аралашмалар, қовурғали асбест цемент листлар, керамик черепицаларни ишлаб чиқарувчи компания ҳисобланади.