Муроджон Аҳмадалиев WBA ва IBF камарларини ҳимоя қилиш учун яна рингга кўтарилади

Ўзбекистонлик профессионал боксчи Техасда филиппинлик Марлон Тапалес билан жанг қилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 10 фев — Sputnik. Ўзбекистонлик профессионал боксчи Муроджон Аҳмадалиев 8 апрель куни АҚШнинг Техас штатида ўтказиладиган профессионал бокс оқшоми доирасида рингга кўтарилади.
Аҳмадалиев унда у ўзига тегишли WBA ва IBF камарларини филиппинлик Марлон Тапалесдан ҳимоя қилади.
“Рингга қайтаётганимдан хурсандман. Бироз танаффус бўлди. Ниҳоят биз Тапалесдек ажойиб жангчига қарши қизиқарли баҳс учун келдик. У собиқ чемпион, услубларимиз ўхшаш, шунинг учун мен 8 апрель куни бўладиган тўқнашувга жанговар руҳда тайёргарлик кўраман”, - деди Аҳмадалиев филиппинлик рақиби ҳақида фикр билдираётиб.
Аҳмадалиев шу кунгача проф боксда 11 та жанг ўтказган ва уларнинг барчасида ғалаба қозонган. 8 та жангни у муддатидан олдин якунлаган.
30 ёшли Марлон Тапалес эса проф рингда 39 маротаба рингга кўтарилган. Жангларининг 36 тасида ғалабага эришган (19 та нокаут). 3 та жангда мағлубиятга учраган (2 та нокаут).
Энг енгил вазнда тоифасидаги боксчи Муроджон Аҳмадалиев 2020 йил бошида америкалик Даниэль Романни мағлуб этиб, WBA ва IBF камарларига эга чиққан эди.
Кейинчалик ўзбекистонлик боксчи уч марта камарларини муваффақиятли ҳимоя қила олган.