ТОШКЕНТ, 10 фев — Sputnik. Киевнинг ғарблик кураторларига мамлакат қурол-яроғлар синови учун полигон бўлиб қолиши учун Украинадаги можарони чўзиш фойдали. Бу ҳақда Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя маълум қилди.
“Уларга (Киевнинг ғарблик кураторларига – таҳр.) Украина Ғарб қурол-яроғ тизимлари синовлари учун полигон бўлиб қолиши, у Ғарб ўзининг Россияга қарши геосиёсий зиддиятида фойдаланиши қулай бўлган хусусий ҳарбий компания вазифасини бажариши фойдали”, - деди Небензя РИА Новости билан суҳбатда.
Унинг сўзларига кўра, “қўшни мамлакатларни бир-бирига гижгижлаш ва ўзгалар қўли билан уруш қилиш – бу асрлар давомида фойдаланилган Ғарбнинг мустамлакачилик амалиёти”.
Россия Украинага қурол етказиб берилгани учун НAТО давлатларига нота юборган эди. Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Украина учун қурол бўлган ҳар қандай юк Россия учун қонуний нишонга айланишини таъкидлади. Россия ташқи ишлар вазирлиги НAТО давлатлари Украинага қурол етказиб бериш орқали “ўт билан ўйнамоқда”, деб таъкидлади. Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Украинага Ғарбдан қурол-яроғ етказиб бериш Россия-Украина музокараларининг муваффақиятига ҳисса қўшмаслиги ва салбий таъсир кўрсатишини таъкидлади.