ТОШКЕНТ, 10 фев — Sputnik. Ўзбекистонда 1 майдан барча газ шохобчаларида электрон ўлчаш ускуналари ва онлайн видео камералари мажбурий ўрнатилади. Бу президент 10 февраль куни имзолаган “Тадбиркорлик субъектларини тоифаларга ажратиш мезонлари ҳамда солиқ сиёсати ва солиқ маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонда кўзда тутилган.
Фармон билан 2023 йил 1 майдан бошлаб автомобилларга газ тўлдириш компрессор станциялари ва автомобилларга газ қуйиш станцияларида электрон ўлчаш ускуналари ва онлайн видео камераларини ўрнатиш ҳамда уларни солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилиш мажбурий ҳисобланиши белгиланган.
Иккинчи февралдан аномал совуқ сабаб ёпилган “газ заправка”лар босқичма-босқич очилган эди.
Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, жорий йилнинг январь ойи давомида ўтказилган назорат тадбирларида 85 млн куб метр (85 млрд сўм) ҳажмдаги табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланган.