Туркиядаги зилзила литосфера плиталарини силжитиб юборгани маълум бўлди

Олимнинг фикрича, Арабистон тектоник плитаси Туркия жойлашган Анадолу плитасига нисбатан жануби-ғарбга тахминан 3 метрга силжиган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 9 фев — Sputnik. Туркиядаги зилзила туфайли литосфера плиталари 3 метрга силжиган. Бу ҳақда Италия Геофизика ва вулқоншунослик миллий институти президенти Карло Доглиони “Corriere della Sera” газетасига берган интервьюсида маълум қилди.
Олимнинг фикрича, Арабистон тектоник плитаси Туркия жойлашган Анадолу плитасига нисбатан жануби-ғарбга тахминан 3 метрга силжиган.

“Биз бу дунё, Арабистон плитаси ва Анадолу плитаси ўртасидаги чегара зонасидаги структура ҳақида гапираяпмиз ... ҳаммаси бир неча ўн сонияларда содир бўлди”, - деб тушунтирди Доглиони.

Унинг қўшимча қилишича, афтершоклар серияси қачон тугашини олдиндан айтиб бўлмайди. Доглионининг фикрича, тўпланган энергия ажралиб чиқмагунча, ҳодиса тўхтамайди.
6 февраль куни эрталаб Туркия жануби-шарқида 7,7 магнитудали зилзила юз берди. Президент Ражаб Тойиб Эрдоғаннинг сўзларига кўра, бу 1939 йилдан бери энг кучли зилзила бўлди. Ўша куни тушдан кейин яна 7,6 магнитудали зилзила содир бўлди. Туркияда ҳалок бўлганлар сони 13 мингга яқинлашган, ярадорлар эса 63 мингга яқин.