Тошкент аэропортида йўловчиларни кутиб олувчилар учун иккита зона пайдо бўлади

Иккита ҳудуд тахминан март ойининг охирига қадар қуриб битказилади. Уларнинг умумий майдони қарийб 1400 кв.м бўлади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 9 фев — Sputnik. Йўловчиларни кутиб олувчилар учун Тошкент халқаро аэропортининг учиб келиш зали ёнидаги P2 ва P3 автотураргоҳларида иккита янги ҳудуд қурилади. Бу ҳақда “Uzbekistan Airports” компанияси маълум қилди.
“Йўловчилар оқимининг жадал суръатларда ўсиб бораётгани муносабати билан яқинлари ва дўстлари билан учрашиш учун келганларга учиб келиш терминалида ажратилган ҳудуд етарли бўлмай қолди”, - дейилган хабарда.
Тахминан март ойининг охирига қадар умумий майдони қарийб 1400 кв.м бўлган иккита ҳудуд қурилади – бири мавжуд соябонлар ўрнига, иккинчиси - кетиш ва келиш заллари оралиғидаги Р2 автотураргоҳида.
Яқин кунларда аэропорт олди майдонида қурилиш-монтаж ишларини бошлаш режалаштирилган.