Россия Ўзбекистонга Брайль алифбосидаги ўқув адабиётларини беради

Россия Федерацияси маданият вазирлиги тегишли мутахассислар ва ўқитувчиларни тайёрлаш, шунингдек, Брайль алифбосида махсус адабиётларни беришда кўмаклашишга тайёр.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 9 фев — Sputnik. Россия ногиронлиги бор шахслар учун ижодий таълим тизимини ривожлантиришда Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилади. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси матбуот хизмати хабар берган.
Хусусан, Россия Федерацияси маданият вазирлиги тегишли мутахассислар ва ўқитувчиларни тайёрлаш, шунингдек, Брайль алифбосида махсус адабиётларни беришда кўмаклашишга тайёр.
Таъкидланишича, Россия маданият вазири Ольга Любимова ва Ўзбекистон элчиси Ботиржон Асадов учрашувида ана шу масалалар муҳокама қилинган.
Учрашувда томонлар 2022 йилда икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигига бағишланган Москва ва Тошкент шаҳарларида ўтказилган қўшма тадбирларни муҳокама қилган.
Шунингдек, улар 2024 йилга мўлжалланган режалар аниқланадиган Маданият бўйича қуйи комиссиянинг навбатдаги йиғилишининг санаси ва жойини юзма-юз ишлаб чиқишга келишиб олган.