ТОШКЕНТ, 9 фев — Спутник. Ўзбекистонда объектларнинг қурилиш лойиҳаси, материаллар ва буюмлар сифати назоратга олинган. Бу ҳақда АОКАда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Саидносир Усмонов иштирокида ўтказилган брифингда маълум қилинди.
Қайд этилишича, Туркияда рўй берган зилзила сабаб ўзбекистонликларни мамлакатда қурилиш сифати, бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлиги қай даражада эканлиги ҳақидаги саволлар хавотирга солмоқда.
Саидносир Усмоновнинг сўзларига кўра, республика ҳудудлари сейсмик балл кўрсаткичлари бўйича зоналарга бўлинган. Шундан келиб чиққан ҳолда объектларни жойлаштиришда кўрсаткичлар инобатга олинади.
“Ҳозирда қурилиш монтаж ишлари тугалланган бино ва иншоотлардан фойдаланишга рухсат бериш бўйича 16 576 та мурожаат келиб тушган. Шундан 11 162 та объектнинг қурилиш ишлари белгиланган нормаларга тўғри келмаслиги боис рад этилган. Бугунги кунда қурилиш ишларида аввало сифат ва назоратга бирламчи масала деб қаралмоқда ва бу ишлар қатъий давом эттирилади", - дейди Усмонов.
Таъкидланишича, лойиҳа ташкилотлари ҳудуднинг белгиланган сейсмик балидан келиб чиққан ҳолда лойиҳалаштиради. Бундан ташқари лойиҳалаштиришдан олдин ер майдони бўйича топографик тасвир ва геологик тадқиқот амалга оширилади.
Шунингдек, грунт таркиби ва хусусиятлари, сизот сувлар сатҳи ва шу каби бошқа масалалар ҳам ўрганилади. Ушбу тадқиқот натижаларидан келиб чиққан ҳолда объектни жойлаштириш, унинг қаватлар сони, фундаменти, конструкциялари ва габарит параметрлари бўйича лойиҳа ечимлари танланади.
Объектнинг лойиҳа ҳужжатлари ваколатли эксперт ташкилотлари, мураккаблик даражаси 4-тоифа объектлари қўшимча равишда Сейсмология институти томонидан ҳам экспертизадан ўтказилади.
Объектларнинг қурилиш жараёнида 4 хил турдаги назорат ишлари юритилади. Қурилиш материаллари, конструкциялар ва буюмлар ҳудудий инспекция ҳузуридаги махсус синов лабораториялари ҳам синовдан ўтказади.
Маълумот учун, агар ҳудудда 5 балли зилзила қайд этилса, объектга осилган нарсалар тебранади, пол ғижирлайди, ойналарда ҳам зириллаш кузатилади. Деворда ёриқлар 6 балли ер силкинишидан кейин пайдо бўлади. 7 балл биноларга жиддий зарар етказади. Ундан кейинги кўрсатгичлар кўплаб биноларнинг қулаши ва тупроқ қатламида 1 метргача ёриқлар пайдо бўлишига олиб келади.
Тоғларда катта кўчкилар 11 балли зилзила оқибатида содир бўлади. Энг даҳшатли 12 балл – Ер рельефи кенг миқёсда ўзгаради.