ТОШКЕНТ, 8 фев — Sputnik. Яна икки Ўзбекистон фуқароси Туркиядаги зилзиладан кейин вайроналар орасидан қутқарилди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси маълум қилди.
“1982 йил Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида туғилган фуқаромиз Шотирбекова Асал Ҳатай вилоятида бинолар орасидан қутқариб чиқарилди”, - дейилган хабарда.
Хабарда ҳозир унга илк ёрдам кўрсатилаётгани қўшимча қилинган.
Бундан ташқари, 1996 йилда туғилган ўзбекистонлик Акрамжон Ҳошимов Малатя вилоятида вайроналар остидан қутқариб чиқарилган. Ҳозир у шифохонада даволанмоқда.
Аввалроқ Туркиянинг Каҳраманмараш вилоятида рўй берган зилзила оқибатида бедарак йўқолган Ўзбекистон фуқароси топилгани хабар қилинган эди.
Маълумот учун, Туркияга Ўзбекистондан 60 нафар ФВВ қутқарувчилари ва 3 та махсус авария-қутқарув техникаси юборилган. Улар 7 февраль куни жўнаб кетган. 7 февраль 17:00 ҳолатига Туркиядаги табиий офат оқибатида 1 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлган. Сўнгги маълумотларга кўра, Туркиядаги зилзилалар оқибатида ҳалок бўлганлар сони 8,5 минг кишидан ошган. Жароҳатланганлар сони 50 минг кишига етган.