Тергов ходимлари учун қийноққа солишга қарши курашиш бўйича курслар ташкил этилади

Тергов ва суриштирув ходимлари учун қисқа муддатли ўқув курслари доимий равишда ташкил этилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 8 фев — Sputnik. 2023 йил 1 мартдан терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки терговни амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун қийноққа солишга қарши курашиш бўйича қисқа муддатли ўқув курслари доимий равишда ташкил этилади. Бу президент имзолаган "Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурни тасдиқлаш тўғрисида“ги қарорда кўзда тутилган.
Қарор билан Ўзбекистонда Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури ҳамда уни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланди.
Қарорга кўра, 2023/2024 ўқув йилидан профессионал ва олий таълим тизимида “Инсон ҳуқуқлари”, “Аёллар ҳуқуқлари”, “Бола ҳуқуқлари” бўйича ўқув ва махсус курслар жорий этилади. 2023 йил 1 июнгача мазкур курслар жорий этиладиган профессионал ва олий таълим ташкилотларининг аниқ рўйхати шакллантирилади.
Қайд этилишича, 2023 йил 1 июндан бошлаб ҳар йили “Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги таълим ва инновациялар” миллий танлови ўтказиб борилади.
2023 йил 1 майдан раҳбар кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимида инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглик бўйича ўқув курслари (соатлари) жорий қилинади.
Қарорга кўра, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ахборот-кутубхона марказларида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги адабиётлар йўналиши ташкил этилади. 2023 йилдан Конституция қабул қилинган кун муносабати билан ўтказиладиган кўрик-танловларда аёллар, бола ва ёшлар ҳуқуқлари масалалари қамраб олиниши таъминланади.