ТОШКЕНТ, 8 фев — Sputnik. Ўзбекистон Покистон билан имтиёзли савдо соҳасида ҳамкорлик қилади. Бу ҳақда Ҳуқуқий ахборот канали хабар берди.
Таъкидланишича, “Халқаро шартномани тасдиқлаш тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, Ўзбекистан билан Покистон Ислом Республикаси ҳукумати ўртасида имтиёзли савдо тўғрисида битим тасдиқланди. Мазкур битим 2022 йил 3 мартда Исломобод шаҳрида имзоланган.
Қайд этилишича, инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда божхона қўмитаси ушбу халқаро шартномани амалга ошириш учун масъул бўлган ваколатли органлар этиб белгиланди.
Вазирлар Маҳкамаси ҳамда тегишли вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари ушбу халқаро шартнома кучга кирганидан кейин Ўзбекистоннинг мажбуриятлари бажарилишини таъминлайди.
Аввалроқ Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми яқин келажакда 500 миллион ва бир неча йил ичида 1 миллиард долларга етказилиши ҳақида хабар берилганди.