Тошкентда янги қурилишларга мораторий эълон қилинади - Мирзиёев

Президент пойтахтнинг бош режаси тасдиқланмагунча, янги қурилишларга мораторий эълон қилинишини таъкидлади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 8 фев — Sputnik. Тошкент шаҳрида бош режа бўлмагунча, янги қурилишларга мораторий эълон қилинади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев пойтахт жамоатчилик вакиллари ва мутасаддилар иштирокидаги йиғилишда маълум қилди.
Давлат раҳбари қурилишга рухсат берилганда, мавжуд инфратузилмага юклама бўйича аниқ ҳисоб-китоб қилинмаётгани, яшил майдонлар ташкил қилиш ишлари қурилишлар билан ҳамоҳанг олиб борилмаётганини танқид қилди.
Шу боис шаҳарнинг бош режаси тасдиқланмагунча янги қурилишларга мораторий эълон қилиниши таъкидланди.
Мирзиёев 2023 йилда Тошкент шаҳрининг яшиллик даражасини 28 фоизга етказиш вазифасини қўйди.
Шу мақсадда 100 гектар майдонда янги боғ ташкил қилинади. “Тошкент яшил белбоғи” лойиҳаси бошланиб, баҳор мавсумида 525 минг туп дарахт ва буталар, 20 миллион туп гул кўчатлари экилади.