Хитой элчиси "Дўстлик" ордени билан мукофотланди

Шавкат Мирзиёев мамлакатдаги дипломатик миссиясини якунлаётган Хитой Халқ Республикасининг Фавқулодда ва Мухтор элчиси Цзян Янни қабул қилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 7 фев — Sputnik. Ўзбекистонда дипломатик миссияси якунланаётган Хитой элчиси "Дўстлик" ордени билан мукофотланди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатдаги дипломатик миссиясини якунлаётган Хитой Халқ Республикасининг Фавқулодда ва Мухтор элчиси Цзян Янни қабул қилди.
Шавкат Мирзиёев
Давлат раҳбари элчининг Ўзбекистон-Хитой дўстлик ва ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашдаги сермаҳсул ишлари ва фаол саъй-ҳаракатларини мамнуният билан қайд этди.
Президентнинг фармони билан икки томонлама муносабатларда бугунги даражага эришилишига қўшган шахсий ҳиссаси учун элчи Цзян Янь мамлакатнинг юксак давлат мукофоти — "Дўстлик" ордени билан тақдирланди.
Шавкат Мирзиёев
Ўтган йилнинг сентябрь ойида ХХР Раиси Си Цзиньпиннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи муваффақиятли ўтди.
Кейинги бир неча йилда товар айирбошлаш икки баробар кўпайди, қўшма лойиҳа ва корхоналар сони уч баробарга ошди. Йирик инвестиция ва инфратузилма лойиҳалари амалга оширилмоқда. “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўлини қуриш лойиҳасини илгари суриш бўйича амалий ҳамкорлик бошланди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ТИВ раҳбари Бахтиёр Саидов Цзян Янни қабул қилган эди. Хитой элчиси Цзян Янь Ўзбекистонда ўз фаолиятини 5 йил давомида олиб борди. У аввал Хитойнинг Россия ва Қозоғизтондаги элчихоналарида ҳам ишлаган.