Россия Туркия ва Сурияга қандай ёрдам бермоқда?

Анъанага кўра, Россия табиий офат ёки террорчилик ҳужумларидан жабр кўрган қўшни давлатларга биринчи бўлиб ёрдам қўлини чўзади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 7 фев - Sputnik. Сурия ва Туркиядаги вайронкор ва даҳшатли зилзилалардан кейин Россия Мудофаа вазирлиги ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳарбий хизматчилари қурбонларни қутқариш, вайроналардан тозалаш ва оқибатларини бартараф этиш мақсадида отланди – дўстлар синовда билинади.
Сурия ва Туркияда 6 февраль куни 7,7 балли зилзила содир бўлди. Ушбу 100 йил ичида илк бор содир бўлган энг кучли зилзила 5000 дан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлди.
Минглаб одамлар ҳамон вайроналар остида қолишмоқда. Табиий офатдан сўнг Россия президенти Владимир Путин Сурия ва Туркия етакчилари Башар Асад ва Ражаб Тоййиб Эрдоғанга зилзила оқибатларини бартараф этишда ёрдам беришни таклиф қилди. Ёрдам миннатдорчилик билан қабул қилинди – РФ Мудофаа вазирлиги ҳарбийлари, 100 дан ортиқ мутахассислар ва Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг аэромобил касалхонаси табиий офат зонасида ишга киришди.
Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу зудлик билан Россия қўшинларига Сурия Араб Республикасининг жабрланган аҳолисига ёрдам беришни буюрди. Ҳаракатларни мувофиқлаштириш учун Хмеймим авиабазасида қўшма тезкор штаб, мобил тиббий гуруҳ ва донорлик қонини қабул қилиш учун тўртта пункт жойлаштирилди. Вайроналарни тозалаш ва тиббий ёрдам кўрсатиш учун 10 та бирлаштирилган отряд тузилди, 300 дан ортиқ ҳарбий хизматчи, 60 та ҳарбий ва махсус техника жалб қилинди.
Бирлаштирилган отрядлар бир вақтнинг ўзида бир нечта аҳоли пунктларини вайроналардан тозаламоқда ва ҳар бир жойда махсус тиббий отряд бригадалари навбатчилиги ташкил этилган. Бундан ташқари, Алеппо, Хама, Латакия, Жабле, Стаму ва Бустан эл-Башеда жабрланганларга гуманитар ёрдам (маҳсулотлар) бериш учун олтита пункт мавжуд.
Зилзила Хмеймим авиабазасига, Тартусдаги ҳарбий-денгиз кучларининг логистика марказига (ПМТО) ва Россиянинг Суриядаги қўшинлари (кучлари) гуруҳининг бошқа объектларига таъсир кўрсатмаган. Россия Федерациясининг Сурия заминидаги қутқарув ва гуманитар миссияси 49 йилга ижарага олинган Хмеймим ва Тартус ҳарбий базаларининг ривожланган инфратузилмасига таянади.
Россиянинг табиий офат фонида тезкор ва самарали ҳаракатлари Ғарбда Украинадаги операциялар театрида Москванинг барча кучлари ва воситаларининг ҳаддан ташқари зўриқиши ёки чарчаганлиги ҳақидаги дезинформацияни ишончли тарзда рад этади.

Қутқарув операциялари кўлами

Туркиянинг жануби-шарқида бир кунда 7,7 дан 5,3 гача бўлган магнитудали учта зилзила содир бўлди, ўнта вилоятда 13,5 миллионга яқин одам жабрланди, 5775 та бино бутунлай вайрон бўлди. Зилзила магнитудаси 7,9 баллга етганда, 1939 йилдан бери энг йирик зилзила дея аталди, қурбонлар сони 3 минг кишидан ошган. Вайроналарни тозалашда 16 минг нафар киши иштирок этмоқда. 7 февраль тонггида вайроналар остидан 7800 нафар киши қутқарилди. 338 мингдан ортиқ табиий офат қурбонлари (уйсизлар) бошпана, ётоқхона ва университетларга вақтинчалик жойлаштирилди. Туркия ҳукумати “тўртинчи даражали огоҳлантириш” эълон қилди, яъни вазият халқаро ёрдамни талаб қилмоқда. Евроиттифоқ, Буюк Британия ва АҚШ мумкин бўлган барча ёрдамни ваъда қилди.
Хавфли зилзилар Сурия, Ливан, Исроил, Ироқ, Грузия ва Кипрда ҳам сезилди. Қарийб 45 мамлакат Туркияга ёрдам таклиф қилди. Бироқ, Латакия, Хама, Ҳалаб ва Тартус вилоятлари энг кўп зарар кўрган Сурияга ёрдам ваъда қилганлар кам. Washington Post газетасининг қайд этишича, “фуқаролар уруши туфайли Башар Асад ҳукумати билан дипломатик таранглик” Сурияга чет эл ёрдамини етказишни мураккаблаштиради. Россиялик қутқарувчиларнинг табиий офат ҳудудидаги ёрдам ҳаракатлари анъанага кўра Ғарб ОАВ да тилга олинмайди, шунга қарамай Американинг “Newsweek” журнали шундай ёзмоқда: “Россия, Эрон ва араб давлатлари зилзиладан жабр кўрган Сурияга ёрдам бераётган бир пайтда, АҚШ Асад билан музокаралар олиб бормасликка ваъда бермоқда”.
Эслатиб ўтиш жоиз, Вашингтон Дамашқ билан алоқаларини узган ва фақат САР шимоли-шарқидаги (худди шу ерда Сурия нефтининг ўғирланишини яшириб турадиган америкалик ҳарбийлар бор) “автоном ҳукумат” номи билан танилган “Сурия демократик кучлари” курд гуруҳи билан ўзаро алоқада.
Айни пайтда Россия талабига биноан Исроилнинг “душман давлат” Сурияга мисли кўрилмаган ёрдами ҳақида маълум бўлди. Бош вазир Бенямин Нетаняху тиббий асбоб-ускуналар ва шошилинч тиббий ёрдам учун мамлакат шимолидаги Исроил касалхоналарига киришни таклиф қилди.
Кучли зилзиладан ҳавонинг кескин совуши ва бўрон кузатилиши кутилмоқда. Москва давлат университетининг физика факультети мутахассислари огоҳлантиришича, тектоник плиталарнинг алоқа зонасида кейинги силкинишлари олти ойдан ортиқ давом этиши мумкин. Туркия ва Суриядаги офатлар фонида шарқшунослар “кўп зилзилалар бўлмагунича келмайдиган” (ал-Бухорий) қиёмат куни ҳақида эслашмоқда.
Бутун дунё мусулмонлари эътиқоддан хотиржамлик ва сокинлик топишга ҳаракат қилишмоқда, Муҳаммад пайғамбарнинг зилзилалар ва жаннат боғи ҳақидаги сўзларини эслашмоқда.
Ўз навбатида Россия, офатдан жабрланганларни қутқариш, вайронагарчилик оқибатларини бартараф этиш учун барча имкониятларини ишга солмоқда.