Онкологик амалиётлар учун чет элга чиқиш 70 фоизга камайди – ССВ

Жигар ўсмалари, сут бези ва бачадон бўйни раки, кололектал ва буйрак саратони каби касалликлар бўйича беморларнинг хорижга чиқишлари қарийб 70 фоизга камайган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 7 фев — Sputnik. Онкологик амалиётлар учун чет элга чиқиш 70 фоизга камайди. Бу ҳақда Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Мирзағолиб Тиллашайхов маълум қилди.
“Марказимизнинг етакчи мутахассисларидан иборат гуруҳлар мунтазам равишда ҳудудларга чиқиб, маҳорат дарслари, семинарлар ўтказмоқда. Жойларда аҳоли учун тиббий кўриклар ташкил этиляпти”, - дейди у.
Қайд этилишича, 2022 йил ҳудудларда 10 000 нафарга яқин аҳоли иштирокида ўтказилган тиббий кўрикларда 6 156 нафар бемор аниқланиб, уларнинг 114 нафарида юқори технологик жарроҳлик операциялари ўтказилди.
Марказ амалиётига 7 турдаги, вилоят даражасида 24 турдаги, туман даражасида эса 2 турдаги янги жарроҳлик ва диагностика усуллари татбиқ қилиниб, умумий амалиётлар сони 2021 йилга нисбатан 36 фоизга ошган.
“Натижада, жигар ўсмалари, сут бези ва бачадон бўйни раки, кололектал ва буйрак саратони каби касалликлар бўйича беморларнинг хорижга чиқишлари қарийб 70 фоизга камайди”, - дейилади хабарда.
Шунингдек, ўтган йилнинг ўзида онкологик муассасаларда фаолият юритаётган 112 нафар мутахассис марказда, 78 нафари эса хорижда қайта тайёрланган.
Аввалроқ Ўзбекистонда онкологик касаликка чалинган беморларни даволашда фойдаланиладиган кимё дорилари таъминоти 95 фоизга яхшилангани ҳақида хабар берилганди.