ТОШКЕНТ, 7 фев — Sputnik. Ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш лицензиясининг нархи белгиланди. Бу ҳақда Ҳуқуқий ахборот канали хабар берди.
“Давлат божи тўғрисида”ги қонунга киритилган қўшимчага кўра, ҳайдовчилар тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлаш бўйича лицензия учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари (3 млн сўм) миқдорида давлат божи ундирилади.
Шунингдек, ҳайдовчиларни тайёрлаш учун лицензияни Ички ишлар вазирлиги беришини инобатга олган ҳолда бошқа нодавлат таълим фаолиятини лицензиялаш устунида (29-устун) ҳайдовчиларни тайёрлаш истисно эканлиги белгилаб ўтилди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш соҳасини лицензиялаш Ички ишлар вазирлигига ўтказилиши ўтган йилнинг декабрь ойида маълум бўлган эди. Илгари бу иш билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси шуғулланган.