Туркияда 7,5 магнитудали зилзила содир бўлди

Мамлакатнинг камида тўрт вилоятида, шунингдек, Сурия шимолида биноларнинг қулаши қайд этилган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 6 фев — Sputnik. Бугун, 6 февраль куни, Туркияда 7,5 магнитудали зилзила содир бўлди. Бу ҳақда Европа-Ўртаер денгизи сейсмология маркази маълум қилди.
Унга кўра, зилзила UTC вақти билан 01:17 (Тошкент вақти билан 06:17) да қайд этилган. Зилзила эпимаркази аҳолиси 1 миллион кишидан ошган Газиантепдан 27 километр узоқликда жойлашган.
Мамлакатнинг камида тўрт вилоятида, шунингдек, Сурия шимолида биноларнинг қулаши қайд этилган. Туркияда кучли зилзилалар туфайли энг юқори даражадаги огоҳлантириш эълон қилинган.
Расмийларга кўра, Шанлиурфа шаҳрида 16 уй қулаган, одамлар вайроналар остида қолмоқда.
Шунингдек, Османияда 34 та бино қулаган. Шаҳар мэри 5 киши ҳалок бўлганини маълум қилган.
Аданада эса дастлабки маълумотларга кўра 17 ва 14 қаватли уйлар қулаган.
Диёрбакирда ер силкиниши оқибатида 6 бино қулаган, 6 киши ҳалок бўлган ва 79 киши жароҳатланган. Зилзиладан жабр кўрган ҳудудларда қурбонлар сони ортиб боряпти.
Малатя шаҳрида 130 та бино қулаган, вайроналар остида одамлар бўлиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Эрон шимоли-ғарбида 28 январь куни 5,9 балли зилзила рўй берган эди.