Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси Туркиядаги фуқароларга мурожаат қилди

Бош консулхона кучли зилзила қайта содир бўлаётгани сабабли айрим тавсияларни берган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 6 фев — Sputnik. Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси айни вақтда Туркиянинг жанубий вилоятларида бўлиб турган фуқароларга мурожаат йўллади.

“Кучли зилзила қайта содир бўлаётгани сабабли қуйидагиларга қатъий риоя қилишга чақирамиз. Агар зилзила содир бўлаётган вилоятларда бино ичида бўлсангиз, ҳужжатлар ва зарур нарсаларни олиб, тезда бинодан чиқинг. Хонадан чиқаётганда лифтдан эмас, зинапоялардан фойдаланинг. Кўчада қолинг, лекин бинолар ёнида турманг, очиқ жойга ўтинг. Тинчланинг ва бошқаларни тинчлантиришга ҳаракат қилинг”, - дейилади хабарда.

Ўзбекистон фуқаролари зарур ҳолларда мамлакатнинг Анқарадаги элчихонасига +905380358534 ҳамда Истанбул шаҳридаги Бош консулхонасига +902123232037, +902123232039 телефон рақамлари орқали мурожаат қилиши мумкин.
6 февраль куни Туркиянинг жануби-шарқий қисмидаги вилоятларда кучли юз берди. Унинг кучи 7,7 баллгача баҳоланган. Сўнгги маълумотларга кўра, зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар сони 1014 кишига етган. Зилзилада Ўзбекистон фуқаролари ҳалок бўлгани ёки жабрлангани ҳақида маълумот келиб тушмаган.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ, Туркияда рўй берган кучли зилзиладан жабр кўрганларга гуманитар ёрдам ҳамда табиий офат оқибатларини бартараф этишда иштирок этиш учун Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг бир гуруҳ қутқарувчилари жўнатилиши хабар қилинган эди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг аниқлик киритишича, Туркияга 60 нафар ФВВ қутқарувчилари ва 3 та махсус авария-қутқарув техникаси юборилади. Улар 7 февраль куни йўлга чиқишади.