ТОШКЕНТ, 6 фев - Sputnik. Россия 2022 йил охирида олтин-валюта захиралари миқдори бўйича дунёда тўртинчи ўринни эгаллади, деб хабар қилди Марказий банк.
Хитой 17 йил кетма-кет бу кўрсаткич бўйича етакчи бўлиб қолмоқда – декабрь ойи охирида унинг захиралари 3,31 триллион долларни ташкил қилди. Япония 1,27 триллион доллар билан иккинчи, Швейцария эса 924 миллиард доллар билан учинчи ўринни эгаллади.
Россия йилни 582 миллиард долларлик захира билан якунлади. 2021 йилда Ҳиндистон захиралар бўйича тўртинчи ўринга чиқиб олган эди, лекин 2022 йил ёзда Россия ўз ўрнини тиклади. Ҳозир Ҳиндистон 563 миллиард долларлик захиралари билан бешинчи ўринда қолмоқда.
Олтинчи ўринда Саудия Арабистони - $460 млрд Йил якунида у икки поғонага кўтарилиб, Гонконг ($424 млрд) ва Жанубий Корея ($424 млрд.) дан ўзиб кетди.
2021 йилда тўққизинчи ўринни эгаллаган Сингапур икки поғонани йўқотди ва кучли ўнликдан чиқиб кетди. Бразилия ($325 млрд) - тўққизинчи, Германия ($295 млрд) - ўнинчи ўринни эгаллади.
Умумий ҳисобда энг юқори 30 таликда жиддий ўзгаришлар кузатилмади: ягона янги келган Швеция бўлиб, у Нидерландияни охирги, 30-қатордан сиқиб чиқарди. Шу билан бирга, деярли барча давлатлар ўз позицияларини ўзгартирди, Франция ва Италия эса уларни сезиларли даражада яхшилади ва икки поғонага кўтарилди – мос равишда 12 ва 14-ўринларга чиқди.
Россиянинг Украинадаги махсус операцияси бошланганидан сўнг Ғарб Москвага нисбатан санкциялар босимини кучайтириб, хусусан, валюта захираларининг ярмини музлатиб қўйди. Россия президенти Владимир Путин таъкидлаганидек, Россияни жиловлаш ва заифлаштириш сиёсати Ғарб учун узоқ муддатли стратегиядир, аммо санкциялар бутун жаҳон иқтисодиётига қаттиқ зарба берди. Шунга қарамай Россиянинг молиявий барқарорлигига путур етказишнинг иложи бўлмади ва Европанинг ўзи ҳам санкциялар боши берк кўчага кириб қолди.