Россия нефтига эмбарго ва нархлар чегараси кучга кирмоқда – бу нимани англатади

Россия нефтига эмбарго ва энг юқори нарх киритилгандан икки ой ўтиб, Ғарбнинг худди шундай чекловлари Россиянинг нефтдан қайта ишланган маҳсулотларга ҳам етиб келди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 6 фев - Sputnik. 5 февралдан Евроиттифоқ ва “Катта еттилик” мамлакатларининг (Европа блокига аъзо мамлакатлардан ташқари. Унга АҚШ, Канада, Япония ва Буюк Британия ҳам киради) Россиядан нефть маҳсулотларига эмбарго қўйиш тўғрисида чеклов кучга киради.
Шу билан бирга, якшанба куни Европа Иттифоқи, “Катта еттилик” ва Австралия томонидан тасдиқланган учинчи мамлакатларга Россиянинг қайта ишланган маҳсулотлари учун нарх чегараси ҳам кучга киради.
Дунё ёғилғи бозорида қандай янги шароитлар бўлади, Ғарб чекловларининг Россия ва Европа мамлакатларига кўрсатадиган оқибатлари ҳақида Sputnik экспертлар билан суҳбатлашди. Батафсил – материалда

Тугалланмаган истисноли эмбарго

Россия нефть маҳсулотларига қўйилган эмбарго худди Россиядан нефть маҳсулотлари етказишга бўлган механизм каби бир хил ишлайди, дейди Миллий энергетика институти бош директори ўринбосари Александр Фролов.
Евроиттифоқ мамлакатлари Россия нефтидан қайта ишланган маҳсулотларни харид қила олмайди. Бироқ нефть эмбаргоси каби бунда бир қанча истиснолар назарда тутилган.
Масалан, Болгария 2024 йил сўнггигача Россия нефтидан қайта ишланган маҳсулотларни харид қилиши мумкин. Хорватияга эса 2023 йил охиригача Россия Федерациясидан нефтни қайта ишлаш заводлари фаолияти учун зарур бўлган вакуумли газойл сотиб олишга рухсат берилди.
“Нефть маҳсулотлари асосан денгиз орқали етказилган экан, бунда ушбу турдаги санкцияларнинг иккинчи томони ҳақида таъкидлаш жоиз, - дейди Александр Фролов. - Европа компанияларига Россия нефть маҳсулотларини сотиб олишга тақиқ ўрнатилиши билан бир вақтда Европа корхоналари учун уларни денгиздан ташиб ўтишга тақиқ кучга киради. Шунингдек, у ёки бу масала билан боғлиқ бўлган Европа компаниялари учун денгиз транспортини таъминлашда иштирок этишни тақиқлаш - масалан, Россия нефть маҳсулотларини ташувчи кемаларни суғурта қилиш, молиялаштириш, хизмат кўрсатиш тақиқланади”.
Шу билан бирга, экспертнинг қайд этишича, учинчи давлатларга нисбатан ушбу санкцияни қўллаш хусусияти бўйича аниқ истиснолар бор.
“Агар учинчи мамлакатда Россия нефть маҳсулотлари қўшимча қайта ишлаб чиқаришга дучор бўлса, улар Россия маҳсулоти ҳисобланмайди, - дейди Александр Фролов. - Ҳали ўзгариши мумкин бўлган дастлабки қоидаларга кўра, ҳар қандай нефт маҳсулоти нефтни қайта ишлаш жараёнидан ўтиши мумкин, шундан сўнг у Россияники ҳисобланмайди.”
Унинг сўзларига кўра, бу “манёвр” учун анча кенг майдон яратади.
“Масалан, тижорат дизелини вакуум ёки атмосфера таркибий қисмларига ажратиш, керак бўлса, дистилляциялаш мумкин. Аммо агар тижорат нефт маҳсулотини ушбу турда қайта ишлашга тўғри келса, унда бир хил нефть маҳсулотини олган бўласиз”, - дейди эксперт.
Унинг фикрича, дастлабки регламентдаги бу камчилик бартараф қилинади, чунки бу содир бўлмаса, у ҳолда манёвр учун жуда катта майдон яратилади. “Бу майдон анча катта деган бўлардим”, - дейди Александр Фролов.

Навбатдаги энг юқори нарх

Европа Иттифоқи, Буюк Британия, АҚШ, Канада, Япония ва Австралия Россия нефть маҳсулотларига энг юқори нарх белгиланишини тасдиқлади.
Нефтга (масалан, дизель ва мазут) юқори нархда сотиладиган маҳсулотлар учун нарх чегараси бир баррель учун 100 доллар, чегирма билан сотиладиган маҳсулотлар учун (масалан, мазут) бир баррель учун 45 доллар қилиб белгиланган.
Европа Иттифоқи, аслида, ўз эмбаргоси ​​билан аллақачон ўзига Россия нефть маҳсулотларини сотиб олишни тақиқлаб қўйган ва коллектив Ғарб Россиянинг учинчи мамлакатларга экспортидан тушадиган даромадини нарх чегараси билан чекламоқчи.
“Агар маҳсулотлар Россияга нисбатан дўстона муносабатда бўлмаган давлатлар томонидан белгиланган лимитдан ортиқ бўлса, Ғарб ташувчилари Россия нефть маҳсулотларини учинчи мамлакатларга ташишни суғурта қила олмаслиги назарда тутилмоқда”, - дейди Энергетика хавфсизлиги миллий жамғармаси етакчи эксперти Игорь Юшков, - Яъни, Россия нефть маҳсулотларини танкерга юклашда танкер эгаси ушбу нефть маҳсулотлари нархи тўғрисида қандайдир маълумотнома олиши керак. Агар у энг юқори нарх кўрсаткичидан кўп бўлса, у ҳолда Европа Иттифоқи ва G7 мамлакатлари санкциялар (ҳамкорлик қилиш икки ойга тақиқланади) таҳдиди остида ташишни тақиқлайди”.
Аслида унинг кемаси ишламай қолади, дейди мутахассис. Шу сабабли, мазкур санкция Россия нефть маҳсулотларини ташиш босқичида аниқ таъсир қилади.
Александр Фролов таъкидлаганидек, Россия нефти ва нефть маҳсулотларига энг юқори нарх тизими, аслида, юк ташиш экотизимига қонуний ўтишдир.
“Агар Россия ўз нефть маҳсулотларини нарх чегараси доирасида сотишга рози бўлса, у ҳолда Россия компаниялари денгиз транспорти хизматлари - суғурта, молиялаштириш, брокерликдан фойдаланишда давом этишлари мумкин”, - дейди эксперт.
Унинг сўзларига кўра, Россия нефть маҳсулотлари нархи пасайиши мумкин, лекин энг юқори нарх туфайли эмас, балки транспорт харажатлари ошгани бунга сабаб бўлади.

Ёқилғи тақчиллиги, ишлаб чиқаришнинг камайиши ва бошқа эҳтимолий оқибатлар

Европа Россия нефть маҳсулотлари учун муҳим бозор бўлган, дейди ФНEБ етакчи эксперти Станислав Митрахович. Энг юқори чўққисида минтақага кунига 0,8-1 миллион баррель турли нефть маҳсулотлари етказиб берилаётган бўлса, унинг ярмидан кўпи дизель ёқилғиси бўлган.
“Бир томондан, етказиб беришни қайта йўналтириш керак бўлади, иккинчи томондан, нефть қазиб олишни қисман қисқартириш керак бўлиши мумкин, чунки илгари ташқи бозорларда сотилган бундай миқдордаги нефть маҳсулотларини сотиш қийин бўлади”, - дейди эксперт.
Унинг сўзларига кўра, бозорда нефть маҳсулотларини хом нефтга нисбатан қўшиш қийинроқ, чунки импорт қилувчи давлатлар одатда ўзларининг қайта ишлаш қувватларига эга ва ўз нефтни қайта ишлаш заводларида кейинчалик қайта ишлаш учун айнан хом нефтни сотиб олишдан манфаатдор.
“Бу борада Россияга ўз нефт маҳсулотларини сотиш қийинроқ. Лекин шунга қарамай имкониятлар бор. Россия нефт маҳсулотларининг Туркия, Марокаш ва бошқа мамлакатларга экспорти ошиши ҳақида маълумотлар бор”, - дейди эксперт.
Аввалги йилларда Россиядан нефть таъминотининг 65% Европа ҳиссасига тўғри келган, давом эттиради Фролов. Ва энди бу минтақага етказиб беришни тақиқлаш Россия Федерацияси учун жуда муҳим - аслида мамлакат нефть маҳсулотларининг ярмидан кўпини бошқа бозорларга йўналтириши керак.
“Эмбаргодан келиб чиқиши мумкин бўлган асосий оқибат Россияда нефть маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг қисқариши ва, эҳтимол, нефть қазиб олишнинг қисқариши бўлиши мумкин, - дейди эксперт - Шунга қарамай, қисқартириш масаласи таъминот занжирларини қайта тиклаш масаласига боғлиқ - агар логистика тўғри қайта қурилса, танкер сиғими етарли бўлса, унда ҳеч қандай катта ўзгаришларни кўрмаймиз. Агар логистика қайта қурилиши бир ойдан ошса, - яъни бир йил-икки- кейин, эҳтимол, келгуси ёки икки йил ичида биз нефтни қайта ишлашнинг қисқаришини кўрамиз, бу турли нефть маҳсулотлари учун фарқ қилади”.
Агар Россияда нефтни қазиб олиш ҳажми камайса, у 5-7% даражасида бўлади, дея баҳо бермоқда Станислав Митрахович.
Игорь Юшков эмбарго ва нархларнинг юқори чегарасини жорий этишнинг асосий оқибатларидан бири сифатида Россияга нефть маҳсулотларини ташиш учун мавжуд бўлган танкерлар сонининг камайиши демоқда.
“Худди шуни 5 декабрь куни Россия нефтига нисбатан қўлланган чекловларда кўрдик, - дейди у. Халқаро компаниялар кўпинча Россия нефтига аралашишдан ва уни ташишдан қўрқишарди. Чунки ўйин қоидалари расмий равишда шундай белгиланган: кема эгаси нефть эгасидан нарх ёзилган сертификатни сўраши керак. Агар у энг юқори нархга тўғри келса, у ҳолда уни олиб ўтиш мумкин. Аммо бу қандай сертификат бўлиши керак, уни кимга топшириш керак, қайси орган рухсат бериш кераклиги номаълум. Бундан ташқари, агар нефть маҳсулотлари эгаси сохта сертификат берган бўлса, нима қилиш кераклиги номаълум - бунда кема эгаси ташиш учун жаримага тортиладими ва ҳ.к. Бу ноаниқлик халқаро юк ташиш компанияларини Россиядан нефтни заҳарли деб қабул қилишга олиб келди. Худди шу нарса нефт маҳсулотлари билан ҳам содир бўлади- ўйлайманки, бу компаниялар бир неча ойга узоқлашади ва кузатиб туради”.
Игорь Юшковнинг сўзларига кўра, жаҳон флотида нефть маҳсулотларини ташувчи танкерлар нефт ташувчи танкерларга қараганда анча кам. Бу шуни англатадики, нисбатан кам сонли бундай танкерлардан Россияга ундан ҳам озроғи мавжуд бўлади. Шунга кўра, Россия Федерациясидан нефть маҳсулотларини экспорт қилишга флотни шакллантириш учун кўпроқ вақт керак бўлади.
“Шу сабабли, яқин ойларда Россиядан нефть маҳсулотлари экспорти камайиши истисно эмас. Аммо бу билан биз шунчаки қайта ишлашни қисқартирамиз ва кўпроқ хом нефть экспорт қиламиз. Яъни, бу нуқтаи назардан, бу нафақат ишлаб чиқаришни қисқартириш, балки нефть маҳсулотлари экспортини камайтириш учун қайта ишлашни қисқартириш бўлади”, - дейди Игорь Юшков.
Унинг сўзларига кўра, ўтиш даври олти ойгача – Россия ўз нефть маҳсулотларини Осиё ва бошқа муқобил бозорларга экспорт қилиш учун етарли миқдордаги танкерлар топилгунига қадар, ўз нефть маҳсулотларини қуриш ва шартномалар тузилгунга қадар чўзилиши мумкин.
“Бу даврда Россия нефти ва нефт маҳсулотларига чегирма сақлаб қолинади. Биринчи яримйиллик ўзгаришлар борасида анча таранг ва шиддатли бўлиши мумин”, - дейди Игорь Юшков.
Нефть ва газ сектори мустақил таҳлилий агентлиги бош директори Тамара Сафонованинг сўзларига кўра, декабрь ойи бошида нархларнинг юқори чегараси жорий этилганидан кейин Европа Иттифоқи давлатларидан дўст мамлакатларга нефт экспортини диверсификация қилиш муваффақиятли бўлди.
“Таъкидлаш жоизки, Россия нефть маҳсулотларига жаҳон бозорида талаб юқори ва Ҳиндистон, Хитой, Қувайтдан Европага нефть маҳсулотларини сотиб олишнинг ўзгариши ички бозор эҳтиёжларни қондириш учун экспорт қилувчи мамлакатлар томонидан Россия нефть маҳсулотларини сотиб олиш заруриятига олиб келади, - дейди эксперт. Шу билан бирга, агар Россия нефтнинг экспорт юк оқимини чекласа, у ҳолда дунёда нефт маҳсулотлари ишлаб чиқариш камаяди ва энг йирик нефть импорт қилувчи давлатлар Россия нефть маҳсулотларини сотиб олишдан манфаатдор бўлади”.
Ғарб мамлакатлари учун, Игор Юшковнинг таъкидлашича, чекловларнинг оқибатлари яхши бўлмайди, чунки Европада нефть маҳсулотлари танқислиги ва шунга мос равишда уларнинг нархи ошиши мумкин.
Александр Фроловнинг сўзларига кўра, Россия Европа Иттифоқининг дизель ёқилғисига бўлган талабининг тахминан 10 фоизини “ёпади”. “Шубҳасиз, уларга Россия таъминотини алмаштириш қийин бўлади”, дейди у.
“Яна бир оқибат шундаки, Европада нефтни қайта ишлаш борган сари кўпроқ аутсорсингга ўтиши мумкин, - дейди Игор Юшков. – Яъни, нефть маҳсулотлари кўпроқ Осиё мамлакатларида ишлаб чиқарилади ва тайёр нефть маҳсулотлари Европа бозорига етказиб берилади, маҳаллий нефтни қайта ишлаш заводларига эса иш юкламалари камроқ қолади. Бунинг ортидан, Европа учун нефть маҳсулотлари янада қимматлашади”.

Россия йўқотишларни қандай қилиб камайтириши мумкин?

Станислав Митраховичнинг тахминларига кўра, Европа нефть маҳсулотларига нисбатан ўз санкцияларини амалга оширишга кўз юмади. Ҳеч бўлмаганда, яқин бир неча ой ичида, ўтиш даврида, чунки Европа Иттифоқига нефть маҳсулотлари ўрнини босувчи восита топиш жуда қийин бўлади.
“Мен, масалан, Россия дизели маълум бир давлатга етиб, прописка портини номинал равишда ўзгартириб, кейин Европага экспорт қилинадиган бўлса, ЕИ баъзи алмаштириш ёки алмашув операцияларига кўз юмишини истисно этмайман. Ёки алмаштириш денгизнинг бирор жойида содир бўлса - масалан, рус дизели кимгадир ўтказилади, расмий равишда у энди Россияники ҳисобланмайди ва қандайдир тарзда Европага этиб боради. Бошқа давлатлардан ҳам реал реэкспорт бўлади”, - дейди Станислав Митрахович.
Россия Европа Иттифоқига илгари юборилган нефть маҳсулотларини қайта йўналтириши мумкин бўлган бозорлар Осиё-Тинч океани минтақаси, Яқин Шарқ ва Африка (айниқса унинг шимолий қисми) бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди Александр Фролов.
"Яъни, принципиал жиҳатдан, биз сўнгги йилларда ўз иштирокимизни кенгайтирган бозорларда ўз иштирокимизни янада кенгайтиришимиз мумкин, бу эса Европа бозорига қарамликни камайтиради, - дейди у. - Агар алоҳида нефть маҳсулотларини олсак, масалан, модификацяланган битум - уларни Лотин Америкасигача етказиб беришимиз мумкин. Бу Россия Федерациясидан жуда узоқ бозорларда ўз харидорларини топадиган юқори маржинал нефть маҳсулотлари".
Шунингдек, Россия нефть маҳсулотлари импортини ошириш салоҳияти, экспертнинг фикрига кўра, айирбошлаш операцияларида иштирок этиши мумкин бўлган қўшни давлатларга эга - яъни Россия дизель ёқилғисини, масалан, Қозоғистонга сотиши мумкиню. У эса у ўз дизель ёқилғисининг бир қисмини ички бозордан олиб ташлаши ва уни Европа Иттифоқига юбориши мумкин.
Игорь Юшков ҳам савдо бозорларини қайта қуриш истиқболларини тасдиқламоқда. Унинг сўзларига кўра, Россия ўз нефть маҳсулотларини Осиё, Яқин Шарқ ва Африка мамлакатларига жўнатиши мумкин, улар ички бозорга чиқади, Россия нефтидан қайта ишлаган ҳамма нарса эса ички истеъмол ўрнига ташқи бозорларга жўнатилади.
“Чунки бу давлатлар нефть ва нефть маҳсулотларини Россиядан чегирмали нархларда сотиб олади, нефть маҳсулотларини эса жаҳон нархларида сотишлари мумкин. Шундай тарзда даромад топиш мумкин. Бундай эффект ҳам истисно эмас”, - дея хулоса қилади эксперт.