Россия ҳарбийлари Сурияда зилзила оқибатларини бартараф этишда ёрдам беришни бошлади

Зилзила оқибатларини бартараф этишга 300 дан ортиқ ҳарбий хизматчи, 60 та ҳарбий ва махсус техника жалб этилган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 6 фев - Sputnik. Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Суриядаги Россия қўшинлари гуруҳи қўмондонига ушбу республика ҳудудида содир бўлган зилзила оқибатларини бартараф этишда ёрдам кўрсатишни топширди.
Россия Яраштириш маркази томонидан кўрсатилган ёрдам доирасида Алеппо, Хама, Латакия ва бошқа шаҳарларда жабрланганларга инсонпарварлик ёрдами, жумладан, озиқ-овқат тўпламлари ва зарурий нарсалар зудлик билан етказиб бериш бўйича олтита пункт иш бошлади. Улар Жебла, Стам ва Бустан Эл-Баш аҳоли пунктларида ҳудудида жойлашган.

Россия Қуролли Кучларининг Сурия Араб Республикасидаги гуруҳи ҳарбий хизматчилари орасидан вайроналарни бартараф этиш, жабрланганларни қидириш ва уларга тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича вазифаларни бажаришга киришган 10 та бирлаштирилган отряд тузилди.

Энг катта вайронагарчиликка учраган ҳудудларда зилзила оқибатларини бартараф этишга 300 дан ортиқ ҳарбий хизматчи, 60 та ҳарбий ва махсус техника жалб этилган.
Хмеймим авиабазасида россиялик ҳарбий шифокорларнинг мобил гуруҳи тузилди ва улар доимий равишда ёрдам кўрсатишга тайёр, донорлик қонини қабул қилиш учун тўртта пункт, шунингдек, куч ва воситалар ҳаракатларини мувофиқлаштириш учун қўшма тезкор штаб жойлаштирилди.
Маълумот учун, 6 февраль куни Суриянинг Ҳалаб, Латакия, Хама ва Тартус вилоятлари ҳам зилзиладан жиддий зарар кўрди. Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, қурбонлар сони 403 нафарга етган, 1,3 мингга яқин киши жароҳатланган.