ТОШКЕНТ, 6 фев — Sputnik. Ўзбекистонлик велоспортчилар 2024 йили Парижда бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларига йўл олишда илк лицензия очколарини қўлга киритди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси маълум қилди.
Велоспортнинг шоссе йўналиши бўйича Ўзбекистон терма жамоаси ҳамда “Tashkent city cycling woman team” клуби аъзолари Кипрдаги халқаро мусобақада иштирок этмоқда.
13.5 километр масофадан иборат дастлабки пойгада Ольга Забелинская марра чизиғини иккинчи бўлиб кесиб ўтди. Шунингдек, терма жамоа вакилларидан Янина Кускова 4, Шаҳноза Абдуллаева 11, Мадина Қаҳҳорова 13 натижани қайд этди.
Мусобақада 6 та жамоа иштирок этмоқда. Ҳозирча “Tashkent city cycling woman team” 58 очко билан умумий классификацияда пешқадамлик қиляпти.