ТОШКЕНТ, 6 фев - Sputnik. Ўзбекистонда яқин вақт ичида кучли зилзилалар содир бўлиш эҳтимоли йўқ. Бу ҳақида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Сейсмик вазиятни баҳолаш ва прогноз қилиш бўйича Идоралараро эксперт комиссияси, хулосасига кўра маълум қилмоқда.
Сейсмометрик, геофизик, магнитометрик ва гидрогеосейсмологик кузатувлар натижаларига асосан, Идоралараро эксперт комиссиясининг 2023 йил 3 февралдаги 5-сонли баёни хулосасига кўра, Ўзбекистон ва унга чегарадош ҳудудларда магнитудаси М≥5 бўлган зилзилалар даракчилари аниқланмаган ҳамда кучли зилзилалар содир бўлиш эҳтимоли мавжуд эмаслиги маълум қилинади, - дейилади хабарда.
Маълумот учун, 6 февраль куни Туркия ва Сурияда 7,7 балли зилзила содир бўлган эди. Унинг оқибатида Туркияда 1100дан ортиқ Сурида 460дан ортиқ киши вафот этган, минглаб бинолар вайрон бўлган. Туркия президенти Ражаб Эрдўған ушбу табиий офат 1930 йиллардан буён энг даҳшатлиси бўлганини айтмоқда.
Ушбу вазиятда аҳоли ўртасида турли саросималар юзага келишини олдини олиш мақсадида ФВВ холис ва ишончли маълумотлар тақдим этмоқда.