ТОШКЕНТ, 6 фев — Sputnik. Ўзбекистон кучли зилзиладан жабр кўрган Туркияга ёрдам беради. Бу ҳақда Ўзбекистон раҳбари матбуот котиби маълум қилди.
“Президент Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ, Туркияда рўй берган кучли зилзиладан жабр кўрганларга гуманитар ёрдам ҳамда табиий офат оқибатларини бартараф этишда иштирок этиш учун Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг бир гуруҳ қутқарувчилари жўнатилади”, - дейилади хабарда.
6 февраль куни Туркиянинг жануби-шарқий қисмидаги вилоятларда кучли юз берди. Унинг кучи 7,7 баллгача баҳоланган. Сўнгги маълумотларга кўра, зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар сони 912 нафарга етган, 5385 киши эса турли даражада жароҳат олган. Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған зилзилани сўнгги 80 йил ичидаги энг кучли эканини маълум қилди.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев кучли зилзила оқибатида кўплаб одам қурбон бўлгани муносабати билан туркиялик ҳамкасби Режеп Таййип Эрдоғанга ҳамдардлик йўллаган эди.
6 февраль Тошкент вақти билан соат 11:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг Туркиядаги дипломатик ваколатхоналарига зилзила оқибатида ҳалок бўлган ва жароҳатланган мамлакат фуқаролари бўйича маълумот келиб тушмаган.