Мирзиёев Эрдоған билан телефон орқали суҳбатлашди

Ўзбекистон ва Туркия етакчилари зилзила оқибатларини бартараф этиш мақсадида амалий ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 6 фев — Sputnik. 6 февраль куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчиси матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Мирзиёев Туркиянинг жануби-шарқий вилоятларида рўй берган кучли зилзила оқибатида кўплаб инсонлар қурбон бўлгани ва катта талафотлар кўрилгани муносабати чуқур ҳамдардлик изҳор этган. Биродар Туркия халқига, вафот этганлар ва жабрланганларнинг оилалари ва яқинларига далда сўзларини билдирган.
Икки давлат етакчилари табиий офат оқибатларини бартараф этиш мақсадида амалий ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишган. 7 февраль куни Ўзбекистондан Туркияга гуманитар ёрдам ва қутқарувчилар гуруҳи жўнатилиши режалаштирилган.
Икки томонлама кун тартиби ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб жиҳатлари юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ, Туркияда рўй берган кучли зилзиладан жабр кўрганларга гуманитар ёрдам ҳамда табиий офат оқибатларини бартараф этишда иштирок этиш учун Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг бир гуруҳ қутқарувчилари жўнатилиши хабар қилинган эди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг аниқлик киритишича, Туркияга 60 нафар ФВВ қутқарувчилари ва 3 та махсус авария-қутқарув техникаси юборилади.
6 февраль куни Туркиянинг жануби-шарқий қисмидаги вилоятларда кучли юз берди. Унинг кучи 7,7 баллгача баҳоланган. Сўнгги маълумотларга кўра, зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар сони 912 нафарга етган, 5385 киши эса турли даражада жароҳат олган.