Ўзбекистонликлар “Катта дубулға” турнирида иккита бронза медалини қўлга киритишди

60 килограммгача бўлган вазн тоифасида ўзбекистонлик спортчи Камолиддин Бахтиёров бронза медалини қўлга киритди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 6 фев — Sputnik. Парижда дзюдо бўйича “Катта дубулға” турнирининг финал баҳслари бўлиб ўтди.
60 килограммгача бўлган вазн тоифасида ўзбекистонлик спортчи Камолиддин Бахтиёров бронза медалини қўлга киритди, деб хабар берди Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати.
Ушбу босқичда ўтган йилги жаҳон чемпионати финалчиси мўғулистонлик Ариунболд Энхтайван билан беллашган Бахтиёров баҳсни ўз фойдасига ҳал қилди. Бу Бахтиёровнинг халқаро турнирда илк бор шоҳсупага кўтарилиши.
Шунингдек, 100 килограммдан ортиқ вазн тоифасида ўзбекистонлик спортчилар Шоҳрух Бахтиёров ва Алишер Юсупов бронза медали учун баҳслашди. Қизиқарли кечган жангда Юсупов ғалаба қозониб, терма жамоа ҳисобини навбатдаги бронза медали билан тўлдирди.