ТОШКЕНТ, 5 фев — Sputnik. Ихтисослашган марказлар амалиётига 200 турдаги янги даволаш ва диагностика усуллари жорий қилинади. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар берди.
“Охирги йилларда юртимизда ихтисослашган тиббий хизмат аҳолига янада яқинлашди. Натижада олис ва чекка ҳудудларда нафақат касалликларни самарали даволаш, балки эрта аниқлаш ва олдини олиш имкониятлари кенгаймоқда”, - дейди Ихтисослаштирилган марказлар фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Зайниддин Сайфутдинов.
Таъкидланишича, 2023 йилдан мазкур йўналишда янгича ишлаш тизими йўлга қўйилади.
Республика ихтисослаштирилган марказлар амалиётига 200 турдаги, вилоят даражасида 370 турдаги, туман даражасида 150 турдаги янги даволаш ва диагностика усуллари татбиқ қилинади. Бунинг натижасида, йилига 2 млн. нафар аҳоли ўз яшаш ҳудудида малакали тиббий хизмат олиши мумкин бўлади.
Марказларнинг 1 140 нафар мутахассисларини сафарбар қилиш орқали ҳудудларда жигар, қон-томир, қорин, кўкрак қафаси, трансплантология, микрохирургия, реконструктив ва пластик жарроҳлик амалиётлари кенг жорий этилади.
Шунингдек, буйрак трансплантацияси амалиёти 2022 йилдаги 350 тадан жорий йилда 500 тага, жигар трансплантацияси 20 тадан 50 тага оширилади.