ТОШКЕНТ, 5 фев — Sputnik. Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов бошчилигидаги делегациянинг ташрифи доирасида Индонезия уламолар кенгаши вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Дунё” АА хабар берди.
“Тадбир доирасида Самарқанднинг бой маданий-маърифий тарихи, ўзбекистонлик буюк алломаларнинг дунё, жумладан, ислом цивилизацияси ривожига қўшган салмоқли ҳиссаси, кўҳна шаҳарнинг сайёҳлик ва зиёрат туризм йўналишидаги салоҳияти тўғрисида сўзлаб берилди”, - дейилади хабарда.
Таъкидланишича, Индонезия вакиллари билан “ҳалол” сертификатини жорий қилиш, ушбу мамлакат аҳолисини “Умра+” зиёрат дастурлари доирасида Ўзбекистонга сафарларини уюштириш, қадимий қўлёзмаларни ўрганиш, икки давлат ҳудудларида биргаликда турли анжуманлар ва кўргазмалар ташкил қилиш йўналишларида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинган.
Учрашув якунлари бўйича Индонезия уламолар кенгаши билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш бўйича меморандум имзолашга келишиб олинган.
Маълумот учун: Индонезия уламолар кенгаши мустақил ташкилот бўлиб, давлат томонидан молиялаштирилади. Кенгаш Индонезиядаги энг юқори ислом уламолари органи сифатида 1975 йилда ташкил этилган.