Бўкада микро гидроэлектростанция қурилади

Вилоят ҳокими Зойир Мирзаев лойиҳа билан танишди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 5 фев — Sputnik. Тошкент вилояти Бўка туманида микро гидроэлектростанция қурилади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Таъкидланишича, кичик гидроэлектростанция Бўка тумани “Жағабайли” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида қурилиши режалаштирилмоқда.
“Вилоят ҳокими Зойир Мирзаев лойиҳа билан танишди”, - дейилади хабарда.
Қайд этилишича, мазкур микро гидроэлектростанция қурилиши мўлжалланган ҳудуддан 2 та канал ўтган. Олиниши кўзда тутилаётган қўшимча 100 кВт электр энергияси олти юзга яқин хонадонни узлуксиз электр билан таъминлайди.
Тақдимотда аҳолига қўшимча имконият яратиш мақсадида бу каби лойиҳаларни электр энергия қуввати паст бўлган олис ҳудудларда ҳам жорий этиш лозимлиги таъкидланган.
Вилоят ҳокими мазкур лойиҳа бўйича босқичма-босқич амалга ошириладиган ишлар, энг биринчи қадамлар нималардан иборат бўлиши лозимлиги юзасидан ўз фикр мулоҳазаларини айтган. Туман ҳокими ва мутасаддиларга зарур кўрсатмалар берган.