Туркманистон Ўзбекистонга бепул суюлтирилган газ етказиб беради

Президент Сардор Бердимуҳаммедов Ўзбекистонга бепул суюлтирилган газ етказиб бериш бўйича “Türkmengaz” давлат концернига топшириқ берди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 4 фев — Sputnik. Туркманистон Ўзбекистонга бепул суюлтирилган газ етказиб беради. Бу ҳақда Туркманистон давлат ахборот агентлиги хабар берди.
Хабарда айтилишича, Ўзбекистонга бепул суюлтирилган газ етказиб бериш бўйича президент Сардор Бердимуҳаммедов “Türkmengaz” давлат концернига топшириқ берди.
Бу билан икки мамлакат ўртасидаги яхши қўшничилик ва қардошлик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда Ўзбекистонни дўстона қўллаб-қувватлаш мақсад қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Ўзбекнефтгаз” компанияси Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи қувватларини юклаш учун Туркманистоннинг "Petronas Çаrigali" компаниясидан нефть сотиб олишни режалаштираётгани маълум қилинган эди.
Бу бўйича “Ўзбекнефтгаз” АЖ раҳбарияти ва "Petronas Çаrigali" компанияси делегацияси Туркманистондан Ўзбекистонга нефть етказиб бериш дастурини биргаликда тайёрлаш тўғрисида келишувга эришган.