ТОШКЕНТ, 4 фев — Sputnik. Ўзбекистонда онкологик касаликка чалинган беморларни даволашда фойдаланиладиган кимё дорилари таъминоти 95%га яхшиланди. Бу ҳақда Sputnik мухбирига Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази бўлим мудири Олим Имамов маълум қилди.
Бугун 4 февраль Бутунжаҳон саратонга қарши кураш куни. Қайд этилишича, Ўзбекистонда ҳар 100 минг аҳолининг 74 нафари онкологик касалликка чалинмоқда.
Олим Имамовнинг сўзларига кўра, ҳозирда 113 мингдан зиёд онкологик беморлар диспансер назоратига олинган. Ҳар йили 25 мингдан зиёд онкологик бемор бирламчи аниқланмоқда. Айниқса кўкрак бези, меъда ва бачадон бўйни саратони Ўзбекистонда учраши бўйича дастлабки уч ўринни эгаллайди.
Ўсмага қарши дорилар учун давлат бюджетидан 5 йил аввал 1,2 млн доллар ажратилган бўлса, ҳозирда бу миқдор деярли 10 баробарга оширилди. Энди беморларни даволаш учун 11 млн доллардан ортиқ маблағ йўналтирилмоқда.
Кимё дорилари таъминоти эса 12-15% дан 90-95% га яхшиланди.
“Фаолиятимизда энг катта янгиликлардан бири кечки босқичлардаги беморларни даволаш учун филиалларда жами 200 ўрин “Паллиатив бўлим”лар очилди. Даволаб бўлмайдиган, оғир беморлар учун Тошкент, Фарғона, Урганч ва Самарқанд шаҳарларида 4 та “Хоспис”лар қурилмоқда”, дейди Олим Имамов.
Айтилишича, ҳозирда Тошкент тиббиёт академияси ҳудудида 650 стационар, 100 амбулатор ўринли янги онкология маркази қурилмоқда. Ушбу бино энг замонавий ускуналар билан жиҳозланади.
“Ҳозирда барча беморларни камера микроскоплар ва иммуногистохимик (ИГХ) ускуналар орқали бепул текширувдан ўтказяпмиз. Энг замонавий Позитрон-эмиссион томография текширишлари ҳам бепул. Жарроҳлик амалиётлари лапароскопик усулда бажарилмоқда”, дея қўшимча қилди у.
Тошкент шаҳар ва республика онкология марказига янги нур терапия ускунаси – чизиқли тезлаткич ўрнатилган бўлиб, унда замонавий ўта аниқликдаги нур терапия давоси ўтказилмоқда.
Сўнгги 5 йилда 250 га яқин мутахассис Россия Федерацияси, Жанубий Корея, Туркия, каби етакчи хорижий давлатларнинг клиникаларида давлат маблағлари хисобидан малака оширган.