ТОШКЕНТ, 4 фев — Sputnik. Ўзбекистон ва БАА депутатлардан иборат дўстлик гуруҳларини шакллантиради. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати хабар берди.
Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева бошчилигидаги делегация БААга расмий ташриф доирасида Бирлашган Араб Амирликларининг Оилани ривожлантириш жамғармаси Олий раиси, Амирликлар аҳолиси орасида “Миллат онаси” деб эътироф этилган Фатима бинт Мубарак билан учрашди.
Томонлар Ўзбекистон ва БААда олиб борилаётган ислоҳотлар, хотин-қизларнинг давлат ривожидаги ҳиссаси, ушбу йўналишда ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва тажриба алмашиш каби масалалаларга эътибор қаратишди.
Шунингдек, БААга келиб турли сабаблар туфайли оғир вазиятга тушиб қолаётган ўзбек аёллари борасида ҳам ўзаро фикр алмашилиб, бундай аёлларга ҳар томонлама кўмак бериш масаласи ҳам муҳокама қилинди.
Учрашувда қуйидаги келишувларга эришилди:
Икки давлат парламентларида аёл депутатлардан иборат дўстлик гуруҳларини шакллантириш ва уларнинг ўзаро ҳамкорлигини йўлга қўйиш;
Ўзбекистон ва БААнинг етакчи олий таълим муассасаларида талаба қизлар учун алмашинув дастурларини ишлаб чиқиш;
Ўзбекистон – БАА тадбиркор аёллари форумини ўтказиш.