ТОШКЕНТ, 3 фев — Sputnik. Ўзбекистонда уруғчилик ҳамда пистачилик илмий марказлари ташкил этилади. Бу ҳақда Ҳукуматнинг 51-сонли қарори билан тасдиқланган уруғчилик ва кўчат етиштиришни ривожлантириш миллий дастурида назарда тутилган.
Миллий дастурга кўра, қишлоқ хўжалиги экинларининг сифат кўрсаткичлари жаҳон андозалари талабларига мос бўлган, юқори ҳосилдор навларини яратишда хорижий тажрибалар алмашилади. Шунингдек, маҳаллий навлар ва F1 дурагайлари яратилади.
Қарор билан Ўзбекистон – Сербия қишлоқ хўжалиги экинлари уруғчилиги ҳамда Ўзбекистон – Туркия пистачилик илмий маркази ташкил этилади.
Уруғчилик маркази хорижий ва маҳаллий генофонддан самарали фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалиги экинларининг нав ҳамда дурагайларини яратиш тизимини янада такомиллаштириш билан шуғулланади. Шу билан бирга, ушбу соҳага илғор халқаро тажрибани жорий этиш марказнинг асосий вазифаларидан бири саналади.
Пистачилик илмий маркази маҳаллий шароитларга мос, серҳосил писта навларини яратиш, уларнинг коллекциясини ташкил этиш ишларини олиб боради.