ТОШКЕНТ, 3 фев — Sputnik. Олимлар коронавирусга қарши вакциналарни +25 даража ҳароратда сақлаш йўлини топишди. Бу ҳақда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.
Хитой вирусологлари CОVID-19га қарши қўлланиладиган, таркибида рибонуклиен кислоталари мавжуд (Pfizer/BioNTech ва Modernа) вакциналарни хона ҳароратида олти ойдан ортиқ вақт сақлаш имконини берувчи технологияни ишлаб чиқишди.
Қайд этилишича, бу турдаги эмлаш воситалари -20 дан -70 даражагача бўлган совуқ муҳитда ўз фойдали хусусиятларини йўқотмайди. Аммо бу талаб уларни сақлаш, ташиш жараёнини қийинлаштириб, кенг қамровда фойдаланиш имкониятини чеклайди.
Олимлар ишлаб чиққан технология орқали +25 даража илиқ ҳароратда ҳам вакциналарнинг барча зарур хусусиятларини сақлаб қолиш мумкин. У липид нанозаррачаларидан лиофилланган вакцина тайёрлаш усулига асосланган (вакуумда қуритиш орқали).
Тадқиқотда айтилишича, бундай мРНК вакциналари "омикрон" штаммининг бир нечта вариантларига қарши кучли иммунитет ҳосил қилишда юқори самарадорликка эга.
Янги технология унинг биологик фаоллигига путур етказмасдан эмлаш воситаси беқарорлигини бартараф этади. Чекка ва олис ҳудудларда препаратдан қулай фойдаланиш имконини беради.