ТОШКЕНТ, 3 фев — Sputnik. Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги Ахсикент ёдгорлигидан яна қадимий буюмлар топилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги хабар берди.
Ахсикент ёдгорлигида давом этаётган тадқиқот ишлари давомида ноёб тангалар, Қорахонийлар даврига оид деворий суратлар ва минг йиллик Дамашқ қиличлари топилди.
“Минг йил аввалги машҳур қиличлар топилгани ва уларнинг Ватани айнан Ахсикент экани бизни ҳайратлантирмай қўймайди. Хитой манбаларида Ахсикент шаҳристони дарвозалари олтиндан бунёд этилгани ҳақида ёзилган. Маҳаллий аҳоли ўртасида ушбу дарвоза Сирдарё тубида қолиб кетгани ҳақида ривоятлар юради", - дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг июль ойида Ахсикент ёдгорлигида қорахонийлар даврига оид деворий суратлар аниқланган эди. Айтилишича, Қорахонийлар даврига тегишли суратлар архитектура иншоотлари деворларини безаб турган. Шунингдек, Ахсикент археологик ёдгорлигида алебастр ва лойга ўйиб ишланган ганчкорлик санъати намуналари ҳам аниқланган.