ТОШКЕНТ, 3 фев — Sputnik. Ўзбекистон ЕОИИ мамлакатларида электрон давлат хизматларини кўрсатиш тизимларини интеграция қилишни таклиф қилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон бош вазири Aбдулла Aриповга таяниб, РИА Новости ёзмоқда.
“Биз тегишли идоралар электрон давлат хизматларини кўрсатиш ва ҳужжат айланиши бўйича ўз миллий тизимларини интеграциялаш масаласини ишлаб чиқишига ишонамиз”, - деган Aрипов "Digital Almaty-2023" халқаро рақамлаштириш форумининг ялпи мажлисида сўзлаган нутқида.
Ўзбекистон бош вазири бундай интеграция бирлашма мамлакатлари аҳолиси ва тадбиркорларига бутун ЕОИИ ҳудудида барча рақамли имкониятлардан эркин фойдаланиш имконини беришини таъкидлаган.
Aриповнинг айтишича, президент Шавкат Мирзиёев 2023 йилда соғлиқни сақлаш, таълим, қишлоқ ва сув хўжалиги, шунингдек, иқтисодиётнинг реал сектори каби соҳаларни мамлакатда рақамлаштиришнинг асосий устувор йўналиши сифатида белгилаб берган.
“Юқоридаги устувор вазифаларни муваффақиятли амалга оширишни яқин ҳамкорликсиз амалга ошириб бўлмайди. Шу муносабат билан биз ўз ташаббусларимизни минтақавий миқёсда фаол интеграция қилишга бел боғлаганмиз... Минтақани рақамли технологияларнинг илғор марказига айлантириш учун мамлакатларимизнинг мавжуд имкониятларини бирлаштириш зарур”, - дея қўшимча қилган Aрипов.
Евроосиё иқтисодий иттифоқи 2015 йил 1 январдан буён фаолият юритиб келаётган халқаро интеграцион иқтисодий бирлашмадир. Иттифоққа Россия, Aрманистон, Беларусь, Қозоғистон ва Қирғизистон аъзо. Молдова 2018 йил май ойидан буён ЕОИИда кузатувчи мақомига эга. 2020 йилда ЕОИИ давлатлари раҳбарларининг йиғилишида Куба ва Ўзбекистонга интеграция бирлашмасида кузатувчи мақоми бериш тўғрисида қарор қабул қилинди.