"Шимолий Сўх" ерости газ сақлаш иншооти яна қайта ишга туширилиши мумкин

Сўх ерости газ сақлаш иншооти қайта ишга туширилса қиш мавсумида водийни ҳар куни 13 миллион куб метр газ билан таъминлаш имконият бўлади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 2 фев — Sputnik. "Шимолий Сўх" ерости газ сақлаш иншооти яна қайта ишга туширилиши мумкин. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев кеча, 1 февраль куни Андижон шаҳрида ўтказилган йиғилишда маълум қилди, дея хабар берди ЎзА.

"Афсуски ўз вақтида Сўхдаги ерости газ сақлаш иншооти айрим сабаблар билан ёпиб қўйилган эди. Қирғизистондаги давлат ташрифи чоғида Садир Жапаров билан бу масалада ҳам келишиб олдик. Яқинда энергетика вазиримиз Қирғизистонга бориб, техник томонларини келишиб келади" – деди президент.

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг сўзларига кўра, "Шимолий Сўх" ерости газ сақлаш иншоотининг ҳажми тахминан 2,5-3 миллиард куб метр атрофида. Шундан 1,3 миллиард куб метр газдан фойдаланиш мумкин, қолгани буфер зонада туради.
Бу қиш мавсумида водийни ҳар куни 13 миллион куб метр газ билан таъминлаш имконияти бўлади дегани.

“Мазкур иншоотнинг асосий газ сақлаш қисми Қирғизистон ҳудудида жойлашган, компрессорлар эса Ўзбекистон ҳудудида. Шу сабабли иншоотдан умумий фойдаланиш борасида музокаралар олиб борилади. Энг аввало ишчи гуруҳ барча техник ва иқтисодий томонларини батафсил ўрганиб чиқади. Чунки иншоотдан анча йиллардан буён фойдаланилмаган, ҳозирги ҳолатини яхшилаб ўрганиб чиқишимиз керак”, - дейди вазир.

Шундан сўнг шартлар келишиб олинади. Балки бу ижара ҳуқуқи асосида бўлар, лекин ҳозирча бирор фикр айтишга эрта, дея қўшимча қилди энергетика вазири.
Маълумот учун, “Ўзтрансгаз” тизимидаги "Шимолий Сўх" газни ер остида сақлаш иншооти Фарғона водийси истеъмолчиларини табиий газ билан таъминлашда муҳим аҳамиятга эга стратегик объектлардан бири. Иншоотда бугунги кунда 330 нафар ишчи-ходимдан иборат меҳнат жамоаси бўлиб, уларнинг 71 нафарини ёш ходимлар ташкил қилади.