Россия ва Хитой муносабатлари ҳарбий иттифоқдан ҳам юқори - Лавров, тўлиқ интервью

Россия КХШТдан ёрдам сўрайдими? Украинадан кейин ким Россияга қарши чиқади? АҚШ "ягоналиги" аслида нимани англатади? АҚШ бутун дунёда демократларни нима учун тўпламоқда? Сергей Лавровнинг ушбу ва бошқа саволларга жавоби қуйида батафсил.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 2 фев - Sputnik. Ҳозир Россия ва Хитой муносабатлари ҳар қандай ҳарбий иттифоқлардан ҳам юқори. Уларда ҳеч қандай чегара ва чекловлар йўқ, деди Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров "Россия Сегодня" ХАА бош директори Дмитрий Киселёвга берган интервьюсида.

Махсус операция қачон тугайди?

Махсус операция унинг олдига қўйилган вазифалар тўлиқ бажарилганига қадар давом этади. Бундай вазифалардан бири Россия мустақиллигини таъминлаш, рус миллатига мансуб кишиларнинг ўз маданияти ва она тилида сўзлашиш имконини сақлаб қолишдир. Ахир Украина ҳукумати йиллар давомида у ерда яшаётган русларга рус тилини ўқишни, рус тилида гапиришни таъқиқлаб келди. Улар ўз она тилида сўзлашишни хоҳлайди.
Ҳарбийларимиз эса ўз олдига қўйилган вазифани тез аниқ ва имкон қадар камроқ йўқотишлар билан бажаришга ҳаракат қилишмоқда. Шу сабабли ҳам бизнинг вазифамиз уларни имкон қадар қўллаб-қувватлаш, аҳолига содир бўлаётган воқеаларни геосиёсий ва бошқа томонлардан тўғри тушунтириб беришдир.

Тинчлик музокаралари борасида

Тинчлик музокараларига келсак, биз бошидан ҳаммасини тинч йўл билан ҳал қилмоқчи эдик, лекин Киев бунга рози бўлмади. Зеленский Ғарбдаги кураторлари талаби билан музокаралар ўтказишни таъқиқлаб қўйди.

АҚШ бошчилигидаги Ғарб ушбу можарони имкон қадар узоқроқ давом эттиришни истайди. Улар айнан жанг майдонида ғалаба қозонишни истамоқда. Ғарб шуни истар экан, биз ҳам бунга амал қиламиз.

Ҳозир биз Украина артиллериясини чегараларимиз учун хавф туғдирмайдиган масофага суриб қўймоқдамиз. Лекин Ғарб узоқ масофага зарба берувчи қуролларни етказиб бермоқчи - демак, уларни янада орқароққа силжитиш керак бўлади.

Америка "ягоналиги" нимани англатади?

Мана бир неча йилдирки биз АҚШ раҳбарларидан ушбу мамлакат дунёда ягона (бошқалардан устун) эканини ва унинг жавобгарлиги ва ваколатлари ҳам “чекланмаган” даражада экани ҳақида эшитиб келаяпмиз. Лекин бу сўзлар аслида нимани англатади?
Америка президенти Барак Обама нутқи, ундан кейин Дональд Трамп ҳам, сўнгра Байден ҳам айнан шу Американинг дунёда “ягона” давлат экани ҳақида бир неча бор гапиришган. Бу "ягоналик" сири яқинда янада тушунарлироқ бўлди.
АҚШ давлат департаменти раҳбари Энтони Блинкен “Америка дунёда ўз лидерлигини амалга ошириши шарт, агар биз бўлмасак, дунёда хаос бошланади”, деган эди “камтаргина” қилиб.
Байденнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан ҳам бир журналда АҚШнинг “ягоналиги”ни қуйидаги даҳшатли сўзлар билан изоҳлаб берган эди:

“Бизнинг ягоналигимиз шуни англатадики, биз ўзга давлатлар ва миллатларга уларнинг тарихий ва этник ўзига хослигини улуғлашга ва ушбу асосда ривожланишга йўл қўя олмаймиз. Биз дунёнинг барча нуқтасига янги эркин демократияни тарқатишимиз керак”.

Бу сўзлар фақат бир нарсани англатади - барча давлатлар ўз тарихини унутиши, ва аста секин америкаликларга айланиши керак дегани. Бу худди Американинг азалий принципига ўхшайди - у ерга келган ҳар қандай миллат вакили “катта қозонда қайнаб”, америкаликка айлангани каби.
Улар Американинг маҳаллий халқи (ҳиндуларни) ҳам ана шундай қозонда қайнатишган эди. - Ха, шундай қайнатишдики, улардан ҳеч нарса қолмади.
Бундай “қозонда қайнатишнинг” оқибатларини биз бугун америка жамиятида кўриб турибмиз. Улар бўлиниб кетмоқда.

Тарих қайтарилмоқда

1912 ёки 1941 йилларда бўлгани каби дунёга ҳукмронлик қилмоқчи бўлганлар бутун Европадан қўшин тўплаб, Россияга ҳужум қилмоқда. Мен бугунги воқеаларда ҳам катта фарқ кўрмаяпман.
Ўшанда ҳам бизга қарши миллатчилик ғояларидан фойдаланишган эди. Бугун ҳам шундай бўлаяпти. Киев режимининг негизида ҳам ана шу миллатчилик ғоялари турибди. Лекин Ғарб буни кўришни истамайди.
Уларнинг фикрича, Россия инқирозга учраши керак.

“Украинадаги уруш натижасида Россия стратегик инқирозга учраши ва ўнлаб йиллар давомида ўз иқтисодини тиклай олмаслиги керак”, - деб очиқчасига айтган эди Еврокомиссия раиси Урсула Фон дер Ляйен.

Буни фашизмдан нимаси кам? Яхшиямки, ҳозирча Германияда фашизмни қайта тиклашга қарши бўлганлар етарлича бор. Лекин буни истайдиганлар ҳам кўп.
Шунинг учун ҳам биз бугун дунёда содир бўлаётган энг муҳим воқеаларнинг марказида турибмиз. Махсус операция зонасида курашаётганлар эса – ҳақиқий қаҳрамонлар. Улар инсоният келажаги учун курашмоқда.

Дипломатик жанглар

Бугунги вазиятда Россия ТИВ ва дипломатиясининг вазифаси дунё ҳамжамиятига бўлаётган воқеалар моҳиятини тўғри тушунтириб беришдир.

Ғарб давлатлари ҳар доим ҳамма нарсани ўз фойдасига ҳал қилади ва бўлаётган воқеаларда фақат Россия айбини пеш қилади. Уларнинг севимли иборалари “Қрим аннексия қилинмаганда, ҳаммаси яхши бўларди”, Россия бостириб кирмаганда, “Украинада уруш бўлмасди” ва ҳоказо.

Биз бўлсак бу ҳаракатларнинг барчаси Ғарбнинг тажовузкорона ҳаракатларига жавобан бўлганини айтиб тушунтирамиз. Масалан, Қримнинг Россияга қўшилишидан олдин Киевда давлат тўнтарилиши содир бўлгани ва миллатчилар ҳукумат бошига келгани. Улар биринчи кунданоқ рус тилининг мақомини бекор қилишга уриниши ва Қримдан рус миллатини қувиб чиқаришга қаратилган ҳаракатларини эсга оламиз. Биз ўшанда БМТга, ЕХҲТга ва бошқа барча халқаро ташкилотларга хабар бергандик, лекин биров бармоғини ҳам қимирлатмаган эди. Кейинчалик ЕХҲТ Донбассда украин миллатчилари учун ҳатто шпионлик қилганини ҳам маъум бўлди.
Биз буларнинг барчасини ўзимизнинг хорижий ҳамкорларимизга тушунтиришга, Ғарб тарқатаётган ёлғон ахборотларни инкор қилишга ҳаракат қиламиз. Аксарият ҳолларда ҳамкорларимиз бизни тўғри тушунишмоқда.

Украина можароси - Америка даромади

Дастлаб АҚШ Европани Украинага ҳарбий жиҳозлар етказиб беришга, кейин ўқотар қуроллар, яқинда эса танклар етказиб беришга мажбурлади. Ғарб яқин келажакда Украинага самолётлар ҳам етказиб беришни бошласа, ҳайрон бўлмаймиз.

Европа қурол омборлари бўшаганидан сўнг АҚШдан қурол сотиб олишга мажбур бўлади. Бунга НАТО ҳақидаги келишув ҳам хизмат қилади. Чунки улар ҳар йили ЯИМнинг 2 фоизини блокка тўлаш мажбурияти бор.

Америка ҳарбий саноати аллақачон янги буюртмалар олишга тайёргарлик кўрмоқда ва илдам қадамлар билан тўлиқ ишга туширилмоқда.
Иқтисодий жиҳатдан ҳам арзон энергия ташувчилардан маҳрум бўлган Европа саноат корхоналари ҳам секин-аста АҚШга кўчиб ўтмоқда. АҚШ бунинг учун уларни рағбатлантирувчи қонунлар ҳам қабул қилишга улгурди.
Европаликлар ким уларни талон-тарож қилаётганини оз-оздан тушуниб бормоқда. Яқинда Макрон АҚШнинг имтиёзлар ҳақидаги қонунларни танқид қилган эди.

Яна қайси республикани Россияга қарши қилиш мумкин?

Ҳозир бу ролга Молдовани фаол тайёрлашмоқда. Ўзи Руминия фуқароси бўлган мамлакат президенти лавозимида ишламоқда ва Молдовани Руминия билан бирлаштириб НАТОга олиб киришни жуда истамоқда. Ҳозир бу ерда ҳамма нарса можаро томон кетмоқда.
Ғарб шу йўсинда Грузияни ҳам Россияга қарши қилишга уриниб кўрди. Бир вақтлар ҳатто у томондан иккинчи фронт очиш ҳақидаги гаплар ҳам пайдо бўлди. Лекин бугунги Грузияда президент муҳим рол ўйнамайди. Ҳокимият эса, АҚШ томонидан кўрсатилган мислсиз босимга қарамасдан, ўз миллий манфаатлари йўлидан боришни танлади ва Ғарбга қатъий “йўқ” жавобини берди.

Марказий Осиё давлатларига келсак, - ҳа, биз у ерда АҚШ ва Ғарб томонидан қилинаётган кўплаб уринишларнинг гувоҳи бўлмоқдамиз. Улар турли нодавлат ташкилотлар ва бошқа тузилмалар орқали маҳаллий ҳукуматларни Россия билан алоқаларни чеклашга, иттифоқчилик муносабатларини ривожлантирмасликка ундамоқда. Лекин бу уринишлар у ерда қўллаб-қувватланмаяпти. Бизнинг маҳаллий ҳамкорларимиз бу “ўйинларни” кўриб туришибди ва Ғарбнинг асл мақсадларни тўғри тушунишмоқда.

Айтиш жоизки, АҚШ ваколатхоналари мавжуд бўлган барча собиқ Иттифоқ мамлакатларида Россияга қарши фаолият олиб борилмоқда.

КХШТ ва Россия ҳақида

КХШТ (Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти) шартномасида агар аъзо давлатлардан бирига тажовуз уюштирилса, унинг сўровига биноан бошқа аъзолар керакли ҳарбий ёрдамни кўрсатиши керак дейилган. Ҳозир Россияга КХШТ ёрдами керак эмасми?
Ўтган йили Қозоғистонда январь воқеалари содир бўлганда, Қозоғистон президенти КХШТга ёрдам сўраб мурожаат қилган эди. Ташкилот бунга яшин тезлигида жавоб берди ва ҳарбий кучлар бир сутка ичида керакли манзига етиб бориб, қўйилган вазифаларни бажаришга киришди.

Бугунги махсус операция вазиятида эса Россия КХШТдан ёрдам сўрагани йўқ. Биз ҳаммма ишни ўз кучларимиз ёрдамида амалга оширмоқдамиз.

КХШТ аъзолари ташқи сиёсий майдонларда ҳам бир бирини қўллаб-қувватлаши керак. Айниқса бугунги вазиятда халқаро майдонда Россия позициясини қўллаб-қувватловчи тарафдорлар керак. Яқинда бўлиб ўтган КХШТ мажлисида айнан шу масала муҳокама қилинди.

Арман-Озарбайжон можароси ҳақида

Арманистон КХШТ доирасида ёрдам сўраб мурожаат қилди. Биз Арманистоннинг Озарбайжон чегарасига яқин бўлган ҳудудида КХШТ қўшинларни жойлаштириш бўйича шартнома ишлаб чиқдик ва уни Арманистонга таклиф қилдик. Лекин Арманистон сўнгги дамда ундан воз кечди.
Улар КХШТдан Озарбайжоннинг Тоғли Қорабоғга ҳужумини кескин қоралашини талаб қилишди. Лекин КХШТ бундай қилишга ҳақли эмас, чунки Озарбайжон қонуний ўзига тегишли бўлган, Арманистон бир неча йиллар давомида босиб олган ерларни ўзига қайтарди.

Демократлар ва автократлар

АҚШ ва Ғарб қолган барча халқлар учун дунёнинг жудда оддий суратини чизишган: улар таъкидлашига кўра, дунёда демократик ва автократик давлатлар бор. Шундай оддий тушунчалар остида АҚШ дунё мамлакатларини бирлаштириб, автократ давлатлар, яъни Россия, Хитой, КХДР ва Эронга қарши кураш эълон қилишни истайди. Яқинда демократик давлатлар саммити бўлиб ўтиши ва унда Зеленский нутқ сўзлаши кутилмоқда. Ким демократ эканини – Америка белгилайди.

Дастлабки маълумотларга кўра, ушбу “демократ” давлатлар ўзларнинг қандайдир режасини тайёрлашмоқда. Унга кўра, улар автократик давлатларда яшаётган қийналган ва камситилган миллатларга ушбу давлатлар ҳукуматларини четлаб ўтган ҳолда қандайдир ёрдам беришни режалаштирган.

Бу қандай амалга ошади, маълум эмас, лекин бу барча халқаро ҳуқуқ нормалари, БМТ устави ва халқаро қонунларга зид бўлиши аниқ.

Россия ва Хитой

Россия ва Хитойнинг бугунги муносабатлари – ўзаро тарихимизда энг яхши муносабатлардир. Улар сифат жиҳатидан ҳар қандай ҳарбий иттифоқдан юқори. Уларда ҳеч қандай чеклов ва чегара йўқ.
Чунки Россия ҳам Хитой ҳам бир нарсани хоҳлайди – ўз йўлидан боришни, ўз миллий режалари асосида, мавжуд халқаро ҳуқуқ ва савдо нормаларига амал қилган ҳолда, яшашни ва ривожланишни истайди.
Ҳозир Россия ва Хитой орасида муносабатларни совуқлаштириш, низо чиқаришга ҳаракат қилаётганлар жуда кўп. Улардан ҳар хил гапни эшитиш мумкин, жумладан Хитой Россияга таҳдид солиши мумкинлиги ҳақида ҳам. Буларнинг барчаси Россия ва Хитой ўзаро келишувларни камайтириш, иқтисод ва сиёсатда ўзаро ҳаракатларни мувофиқлаштиришга халал бериш учун қилинмоқда.

Ғарб молия ташкилотлари

Бугунги кунда умумжаҳон мақомига эга бўлган савдо ва молия ташкилотлари Бреттон-Вудс келишуви даврларидан бошлаб Ғарб томонидан яратилган эди.
Бу институтлар доирасига Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, Жаҳон савдо ташкилоти киради. Биз ушбу ташкилотларга аъзо бўлиш вақтимизда у ерда ўрнатилган барча талабларни бажаришни бўйин олгандик. Масалан ЖСТга кириш учун бизга 17 йил керак бўлди. Биз ўз қонунчилигимизни унинг нормаларига мосладик. Бу қоидалар аслида дунёда ҳалол рақобатчиликни ривожлантиришга қаратилган эди.

Лекин бугунги кунда уларнинг барчаси фақат бир мамлакат фойдасига ишламоқда. Масалан, АҚШ ЖСТда тортишувлар бўлимининг ишини блоклаб қўйган. Акс ҳолда Хитой АҚШнинг ноҳақ талаблари устидан арз қилиб, аниқ ғалаба қозонган бўларди. АҚШ энг номуносиб маъмурий йўллар билан ушбу орган фаолиятини тўхтатиб турибди.

ХВЖда ҳам шундай вазият, объектив иқтисодий сабабларга кўра BRICS давлатлари бўйича аллақачон АҚШдан ўзиб кетган, лекин АҚШ овоз санашдаги ноҳақликдан фойланиб, ўзининг вето ҳуқуқини сақлаб қолмоқда.
Россия ташқи ишлар вазирининг тўлиқ интервьюсини рус тилида қуйида томоша қилишингиз мумкин.