Ўзбекистон валюта биржасида савдоларнинг умумий ҳажми рекорд даражага етди - тафсилотлар

Ўтган йили Ўзбекистон валюта, пул ва қимматли қоғозлар бозорида қандай кўрсаткичлар қайт этилгани ҳақида материалимизда ўқинг.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 2 фев — Sputnik. Ўтган йилда Ўзбекистон Республика валюта биржасида (ЎзРВБ) савдоларнинг умумий ҳажми рекорд даражага етди. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Валюта биржаси ахборот хизмати раҳбари Гулшан Ботирова маълум қилди.
Қайд этилишича, 2022 йил якунларига кўра ЎзРВБда савдоларнинг умумий ҳажми рекорд даража - 706,79 трлн сўмга етган. Бу ўтган йилнинг мос кўрсаткичига нисбатан ўсиш 81,60 фоизни ташкил этади.
Ўзбекистон валюта бозори
Валюта бозорида доллар, евро, рубль ва юан олди-сотдиси бўйича спот операциялари ЎзРВБ томонидан ишлаб чиқилган “Rhombus” платформасида "колл-аукцион" ҳамда икки томонлама узлуксиз аукцион усуллари орқали амалга оширилади.
2022 йил якунлари бўйича биржа валюта бозоридаги савдоларнинг умумий ҳажми 338,34 трлн сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос кўрсаткичига нисбатан 1,5 бараварга ошди.
Ички валюта бозорида тижорат банкларининг миллий валюта курси шаклланишидаги фаоллигини ошириш мақсадида бозор тамойилларига мувофиқ маркет-мейкерлик фаолияти жорий этилди.
Шунингдек, рискларни самарали бошқариш мақсадида ЎзРВБ валюта бозорида марказий контрагент фаолияти йўлга қўйилди. Марказий контрагент фаолияти билан чамбарчас боғлиқ бўлган ликвидлик провайдерлари фаолияти ҳам йўлга қўйилди. Бунинг оқибатида, рискни бошқариш механизмлар кўлами кенгайтирилди.
Пул бозорида ўтказилган савдолар
Банклараро пул бозорида бугунги кунда ЎзРВБнинг махсус электрон платформаси орқали тижорат банкларининг бўш пул маблағларини 1 кундан бир йилгача бўлган муддатга жалб қилиш ва жойлаштириш бўйича савдолар ўтказилди. Марказий банкнинг тижорат банклари билан депозит аукционлари ҳам ташкил этилди.
2022 йилда ушбу бозордаги савдоларнинг умумий ҳажми рекорд даража - 270,61 трлн сўмни ташкил этиб, ўтган йилги кўрсаткичга нисбатан деярли 93 фоизга ошди.
Давлат қимматли қоғозлари бозори
Ушбу бозорда ЎзРВБнинг электрон савдо-депозитар платформаси орқали Молия вазирлигининг ғазначилик мажбуриятлари ва облигациялари, Марказий банкнинг облигациялари бирламчи жойлаштирилиши ва иккиламчи муомаласи бўйича савдолар, шунингдек РЕПО операциялари ташкил этилган.
2022 йилда ушбу бозорда жами 87,29 трлн сўм қийматида давлат қимматли қоғозлари жойлаштирилган бўлиб, 2021 йилга нисбатан ушбу кўрсаткич 3,5 бараварга ошди.
ЎзРВБ аукционларида илк маротаба муомала даври 10 йил бўлган давлат қимматли қоғозлари жойлаштирилди. Бу молиявий инструментлар қаторини диверсификациялаш, бозорда “бэнчмарк”ни шакллантириш, шунингдек суғурта компаниялари ва пенсия жамғармаларини жалб қилиш орқали инвесторлар базасини кенгайтиришга имкон беради.