ТОШКЕНТ, 2 фев — Sputnik. Индонезияда ўтган Жаҳон кубогида Ўзбекистон вакиллари иккита медални қўлга киритди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Турнирнинг старт куни эркаклар ўртасида 10 метрга пневматик тўппончадан отиш дастурида Муҳаммад Камалов олтин медални қўлга киритди.
Шунингдек, 10 метр масофага пневматик тўппончадан отиш бўйича мусобақанинг жамоавий дастурида республика аёллар терма жамоаси вакиллари иккинчи ўринни эгаллади. Aлина Тарасова, Нигина Саидқулова, Ситора Эргашбоевадан иборат трио кумуш медаль соҳибига айланди. Улар финалда Жанубий Корея спортчиларига 9:17 ҳисобида имкониятни бой беришди.
Шу тариқа, Ўзбекистон терма жамоаси битта олтин ва битта кумуш медални қўлга киритди.