Ўзбекистон ОИВ инфекциясига текширувлар сонини 5 бараварга оширди

Одамнинг иммунитет танқислиги вируси касаллиги билан бугунги кунда республикада 45 мингдан ортиқ шахслар яшаб келмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 2 фев — Sputnik. Ўзбекистонда одамнинг иммунитет танқислиги вируси (ОИВ) инфекциясига текширувлар сони 5 бараварга ортди. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Республика ОИТСга қарши кураш маркази директори ўринбосари Гулифор Нормуратова маълум қилди.
Қайд этилишича, ОИВ касаллиги билан бугунги кунда республикада 45 мингдан ортиқ шахслар яшаб келмоқда.
Ҳозирда 63 та туманлараро ОИВ диагностик лабораториялар орттирилган иммунитет танқислиги синдромига (ОИТС) қарши курашиш марказлари тасарруфига ўтказилиб, зарур тиббий ускуналар билан жиҳозланди. Ҳар бир вилоят юқумли касалликлари негизида 5 тадан 40 тагача ОИВ беморларга хизмат кўрсатадиган ўринлар ташкил этилди.
Беморларга қулайликлар яратиш мақсадида 260 та юқумли касаллик хоналари мутахассислари қайта ўқитилиб, ОИТСга чалинган беморларни даволаш ишларига жалб этилди. ОИВ инфекциясига текширувлар сони 700 мингдан 3,5 миллионга ёки 5 бараварга ортди.

“Онадан болага ОИВ инфекциясини юқишини олдини олиш мақсадида ҳар йили 600 нафар онага қуруқ сут маҳсулотлари олиб берилмоқда. ОИВ инфекциясига чалинган 18 ёшгача бўлган болаларга эса ижтимоий нафақалар бериб борилиши йўлга қўйилди”, - деди Гулифор Нормуратова.

Эслатиб ўтамиз, 20 январь куни президент томонидан имзоланган қарорга кўра, ОИВ инфекциясига қарши курашиш мақсадида 2023–2027 йилларда давлат бюджетидан 120 млрд сўм, халқаро ташкилотлар жамғармасидан 54 млн доллар ажратилади.
Шунингдек, шу йилнинг 1 июнига қадар Тошкент шаҳри ва Сирдарё вилоятида, 2023 йил якунига қадар бошқа ҳудудларда ФҲДЁ органлари ва тиббиёт муассасалари ўртасида никоҳланувчи шахсларни ОИВ инфекцияси бўйича мажбурий тиббий кўрикдан ўтказиш бўйича электрон маълумот алмашинув тизими жорий этилади.