ТОШКЕНТ, 2 фев – Sputnik АҚШ иқтисодий манфаатларини кўзлаб ва Россия ҳамда Германия яқинлашишига йўл қўймаслик мақсадида Украина можаросини юзага келтирган. Америкалик сиёсий шарҳловчи Жимми Дор "Fox News" телеканалидаги эфирлардан бирида шундай фикр билдирди.
Унинг сўзларига кўра, АҚШ “сўнгги 20 йилда Яқин Шарқни ёндирган бўлса, энди эса НАТО билан қўзғатган Украинадаги прокси-урушни олиб бормоқда.
"Буларнинг ҳаммаси иқтисодий урушлар”, - дейди шарҳловчи. У, шунингдек, АҚШ Украина билан муқобил равишда Хитой билан кескинлашувни қўллаб-қувватлаётганини алоҳида таъкидлаб ўтган.
“Украина ҳолатида эса, ҳаммаси суюлтирилган газ ҳамда Россия ва Германиянинг яқинлашувига йўл қўймасликка қаратилган, чунки биз Россиянинг табиий ва инсон ресурсларидан қўрқамиз. Биз ушбу ресурслар Германия технологиялари ва капитали билан бирлашишидан қўрқамиз. Шу сабаб "Шимолий оқимлар"ни портлатдик, шу сабабли ҳозир Украинада уруш олиб боряпмиз”, - дейди Дор.
Унинг айтишича, АҚШ “бошқа мамлакатларнинг табиий ресурсларига эгалик қилмоқчи”.
Ўтган йилнинг 27 сентябрь куни "Nord Stream AG" “Шимолий оқим 1” ва “Шимолий оқим 2” денгиздаги газ қувурларининг учта линиясида содир бўлган “мисли кўрилмаган вайронагарчилик” ҳақида хабар берган эди. Россия Бош прокуратураси газ қувурларига шикаст етказилганидан сўнг халқаро террорчилик акти бўйича жиноний иш қўзғатди.