Касаначиликни кенгайтириш учун ажратиладиган кредит миқдори оширилади

Президент аҳолининг бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлашни янги босқичга олиб чиқишга доир қарор қабул қилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 1 фев — Sputnik. Касаначиликни кенгайтириш учун ҳоким ёрдамчилари тавсияномаси асосида ажратиладиган кредитлар миқдори оширилади. Бу ҳақда президент 2023 йил 31 январь куни имзолаган 39-сонли қарорда назарда тутилган.
Қарорга кўра, 2023 йилда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасидаги лойиҳаларни молиялаштириш учун камида 13 триллион сўм йўналтирилади.
2023 йил 1 февралдан қуйидагилар амалга оширилади:
кредитлар устувор равишда дастурлар бўйича аввал кредитлардан фойдаланмаган аҳоли ва тадбиркорларга ажратилади;
узоқ муддатга қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонларини ижарага олиб, деҳқон хўжаликлари ва кичик тадбиркорлик субъектларига 50 млн сўмгача гаровсиз кредит берилади;
тадбиркорларнинг маҳаллаларда ишлаб чиқаришни, хизмат кўрсатиш соҳасини ва ҳунармандчиликни ҳамда аҳоли билан кооперация ва касаначиликни кенгайтиришга йўналтирилган лойиҳалари учун ҳоким ёрдамчиларининг тавсияномаси асосида ажратиладиган кредитлар миқдори амалдаги 225 миллион сўмдан 300 миллион сўмгача оширилади.
Ташаббускор лойиҳада камида 30 фоиз улуш билан иштирок этиш лозим.
Бунда дастурлар доирасида илгари олган кредитлардан самарали фойдаланиб, тадбиркорлигини йўлга қўйган ва кредит тўловларини ўз вақтида амалга оширган кичик тадбиркорлик субъектларига фаолиятини янада кенгайтириши учун мазкур кредитлардан такроран фойдаланишга рухсат этилади.
Ҳоким ёрдамчисининг тавсиясига кўра кредит суммасининг 10 миллион сўмгача бўлган қисми (ҳунармандлар учун 20 миллион сўмгача) банк карталарига (нақдлаштириш имкониятини чеклаган ҳолда) ўтказиб берилади.
2023 йил 1 июндан аҳоли ва тадбиркорларга кредит ажратиш жараёнида қарз олувчини ID-картадаги (биометрик паспортдаги) биометрик маълумотлар асосида идентификация қилиш йўлга қўйилади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг октябрь ойидан бошлаб тадбиркорлик субъектига ҳар бир касаначига асбоб-ускуналар харид қилиб бериш харажатларининг 50 фоизгача бўлган қисми миқдорида субсидия ажратилмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига кўра, тадбиркорлар касаначиликни ташкил этганидан камида 3 ой ўтгандан сўнг субсидия олиш учун Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига ёзма равишда ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилади.