Россиянинг Донбассдаги махсус ҳарбий операцияси

АҚШ хоҳласа, Киевни бир кунда музокара столига ўтқизади – Матвиенко

Россия Федерация кенгаши раиси қурол-яроғ етказиб бериш ҳажмининг кўпайиши “ҳеч қандай ҳолатда тинчликка чақириш эмаслигини” таъкидлади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 1 фев — Sputnik. Америка Қўшма Штатлари агар хоҳласа, Киевни бир кунда музокара столига ўтқизарди, лекин улар буни атайлаб қилмайди, дейди Россия Федерация кенгаши раиси Валентина Матвиенко.

“AҚШнинг собиқ президенти Дональд Трампга турлича муносабатда бўлиш мумкин, лекин менимча, у жуда тўғри айтди: “Aгар Америка Қўшма Штатлари хоҳласа, уларни бир кунда музокаралар столига ўтқизарди”. Менимча, бу тўғри айтилган фикр. Улар буни атайин қилмаяпти”, - деди Матвиенко.

Спикер, шунингдек, “агар улар (AҚШ – таҳр.) тинчликни истаса, Киевни Минск келишувларини бажаришга ҳар томонлама мажбур қилишини” қўшимча қилди.

“Улар бу можарога барҳам беришдан манфаатдор бўлмагани учун бу ишни атайлаб қилмаяпти, улар Россия тараққиётини секинлаштирамиз, деган хомхаёлни ўзида сақлаб қолишда давом этмоқда”, - деди парламент юқори палатаси раиси.

Матвиенко, шунингдек, қурол-яроғ, жумладан, ҳужумкор қуроллар етказиб бериш ҳажмининг кўпайиши “ҳеч қандай ҳолатда тинчликка чақириш эмаслигини” таъкидлади.
“Бизнинг позициямиз аниқ, тушунарли ва шаффоф: биз ваъдаларга эмас, музокараларга тайёрмиз”, - деди Федерация кенгаши спикери.
Украинага қурол етказиб берилгани учун Россия НAТО давлатларига нота юборди. Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Украина учун қурол бўлган ҳар қандай юк Россия учун қонуний нишонга айланишини қайд этди. Россия Федерацияси ташқи ишлар вазирлиги НAТО давлатлари Украинага қурол етказиб бериш орқали “ўт билан ўйнамоқда”, деб таъкидлади. Россия Федерацияси президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Украинага Ғарбдан қурол-яроғ етказиб бериш Россия-Украина музокараларининг муваффақиятига ҳисса қўшмаслиги ва салбий таъсир кўрсатишини айтди.